Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Одил судловни таъминлашга қаратилган муҳим қадам
14:54 / 2020-12-10

Мамлакатимизда сўнгги йилларда суд ҳокимияти мустақиллиги ва очиқлиги, конституциявий нормаларга қатъий риоя этилишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса фуқароларнинг суд ҳокимияти, адолат барқарорлиги, қонун устуворлигига бўлган ишончининг тобора ортишига сабаб бўлмоқда.

Таъкидлаш лозимки, ушбу соҳада амалга оширилган ислоҳотлар натижасида одил судлов жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ишлар янги босқичга кўтарилди. Ўтган 3 йилда ушбу соҳа ривожи бўйича 20 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Ноҳақ айбланган 2,3 мингга яқин фуқаро оқланди, адашиб жиноят йўлига кириб қолгани сабабли озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилиниши мумкин бўлган 3,5 мингдан ортиқ ёшлар ва хотин-қизларга маҳалла ва жамоатчилик кафилликлари асосида енгил жазолар тайинланиб, ўз оилалари бағрида қолдирилди. Инсон ҳуқуқларини қўпол тарзда бузган 60 нафар ҳуқуқ-тартибот органи ходими жиноий жавобгарликка тортилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси йиғилишида судлар мустақиллигини таъминлаш орқали одил судловга эришиш масалалари, жумладан, суд қарорларини қайта кўриб чиқиш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик, Иқтисодий ҳамда Фуқаролик процессуал, шунингдек, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида бир неча қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Йиғилишда таъкидланганидек, суд тизимини такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотларга қарамай ҳамон ортиқча бюрократик тўсиқлар сақланиб қолмоқда. Хусусан, жорий йилнинг июнь ойида парламент аъзолари томонидан жойларда олиб борилган мулоқотларда суд ишларида ортиқча сансалорликлар, суд қарорларини қайта кўришнинг бир-бирини такрорловчи босқичлари мавжудлиги, одамларнинг судларга бўлган ишончи юқори эмаслиги жамоатчилик вакиллари томонидан айтилган эди. Шу боис, бу борадаги ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш орқали суд органларининг амалдаги тузилишини замон талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқ қайта кўриб чиқишни вазият тақозо этмоқда.

Президентимизнинг жорий йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” фармони айнан юқоридаги муаммоларга ечим бўлмоқда.  

Фракция йиғилишида кўриб чиқилган қонун лойиҳалари айнан ушбу фармонда назарда тутилган суд ислоҳотларини рўёбга чиқаришга қаратилган. Жумладан, қонун лойиҳалари билан вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари ташкил этилади. Бу эса, жойларда ягона суд амалиётини шакллантириш, судларнинг тарқоқлиги туфайли фуқаролар ва тадбиркорлар сарсон бўлишининг олдини олишга хизмат қилади.

Эндиликда туман (шаҳар) маъмурий судлари негизида туманлараро маъмурий судлари ташкил этилади ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишни жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилади. Бу, ўз навбатида, маъмурий судларнинг муайян тумандаги маҳаллий ҳокимият органларининг турли тазйиқларидан ҳоли ва мустақил фаолият юритишларини таъминлайди. Бундай судларни ташкил этишдан кўзланган мақсад, фуқаролар ва тадбиркорларни давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари ва қарорларидан суд орқали ҳимоялаш учун янада қулай шароит яратишдир.

Фармон билан прокурорнинг судда иштирок этиши тартиби илғор хорижий тажриба ва стандартларга мослаштирилмоқда. Жумладан, давлат айбловчиси айбловдан воз кечган тақдирда реабилитация асосларига кўра жиноят ишини тугатиш, тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина прокурор томонидан суддан ишларни чақириб олиш, бошқа шахсларнинг ташаббуси билан қўзғатилган фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида прокурор ўз ташаббуси билан иштирок этишини истисно этиш назарда тутилмоқда. Бундай қоидаларнинг киритилиши, албатта суд мустақиллигини, тарафларнинг судда тортишувчанлик ва тенглигини амалда таъминлашга хизмат қилади.

Муҳим жиҳати шундаки, Фармон билан ортиқча суд босқичларини бекор қилиш орқали “бир суд – бир инстанция” тамойили жорий этилмоқда. Суд ишларини назорат тартибида кўриш институти эса тугатилмоқда. Бундай тартибнинг ўрнатилиши натижасида судда ҳар бир иш бўйича якуний тўхтамга келиш орқали суд қарорларининг барқарорлиги таъминланади ҳамда фуқаролар ва тадбиркорлар сарсон бўлишининг олди олинади.

Йиғилишда қайд этилганидек, судларнинг ҳал қилув қарорлари қонунийлиги ва асослилигини текширишнинг амалдаги таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, назорат тартибида иш юритиш ўз вазифалари ва ваколатларига кўра кассация тартибида иш юритиш билан ўхшашдир. Бундай механизм мавжуд экан, халқаро ҳамжамият ва фуқаролик жамиятининг суд инстанциялари сони кўплиги борасидаги таъна ва танқидларидан қутилиб бўлмайди. Чунки кассация тартибида текшириш ҳам, назорат тартибидаги текшириш ҳам қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини текширишга қаратилган. Бундан ташқари, назорат инстанциясининг ваколатлари фақат Олий судга тааллуқли бўлиб, бу инстанция суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текширишнинг икки даражасидан: Олий суднинг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ва Раёсатидан иборатдир.

Статистик маълумотларга кўра, Олий суднинг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида назорат тартибида кўриладиган ишлар ҳажми ошиб бормоқда. Масалан, Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида 2016 йилда назорат тартибида 440 та, 2017 йилда 693 та иш кўриб чиқилган бўлса, бу кўрсатгич 2019 йилда 1 минг 24 тани ташкил қилди. Бундай ҳолатлар суд ҳокимиятининг обрў-эътиборига путур етказиш билан бирга, фуқароларда судларга нисбатан салбий муносабат, шунингдек, одил судловга нисбатан ишончсизлик юзага келиши учун шароит яратади.

Фракция йиғилишида партия мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда бошқа қонун лойиҳалари ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

 

Моҳигул Қосимова, ЎзА