Мамлакатимизда “Янги Ўзбекистон — янги суд” тамойили доирасида суд ҳокимияти мустақиллигини янада кучайтириш, судьялар дахлсизлигини таъминлаш, аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтиришга қаратилган муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Хусусан мазкур ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида одил судловни амалга оширишга конституция нормаларини тўғридан-тўғри қўллаш институтининг жорий этилиши инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ва ҳимоя қилишда янги даврни бошлаб берди.
Ўзбекистон ҳуқуқ тизимида муқаддам, Конституция нормаларини тўғридан-тўғри қўллаш механизми мавжуд эмас эди. Республикамизда 2023 йил 30 апрель куни бўлиб ўтган референдумда қабул қилинган Конституцияга ушбу муҳим норманинг киритилгани, ҳуқуқ нормаларини қўллашга масъул бўлган идоралар, шу жумладан судлар зиммасига одил судловни амалга оширишда Конституция нормаларини тўғридан тўғри ва бир хилда қўллаш масъулиятини юклади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 15-моддасида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга бўлиши, у тўғридан-тўғри амал қилиши ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этиши” мустаҳкамланиб, давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари, шу жумладан, судлар томонидан Конституция нормаларини ҳуқуқни қўллаш амалиётида бевосита қўллаган ҳолда қарорлар қабул қилиш, фуқароларнинг Конституция нормаларидан тўғридан-тўғри фойдаланиши ва риоя этишини кўзда тутади.
Шу ўринда соҳага доир илмий тадқиқотларга мурожаат этганимизда, Конституциянинг тўғридан-тўғри амал қилиши тушунчасини ёритишда турли ёндашувлар мавжудлиги кўринади. Хусусан, Конституция давлатнинг бутун ҳуқуқий тизими асосини ташкил этувчи ҳуқуқий ҳужжат сифатида бевосита (тўғридан-тўғри кучга эга бўлган сиёсий-ҳуқуқий ҳужжат сифатида) ва мазкур давлатда қўлланадиган ҳуқуқий, сиёсий ва ахлоқий-этик нормаларнинг бутун мажмуи ёрдамида амалга оширилиши, шунингдек Конституциянинг бевосита ҳаракати ҳуқуқни қўллашнинг ажралмас элементи сифатида, ижтимоий муносабатларга тўғридан-тўғри таъсири, жумладан, суд, ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан конституция нормаларини муайян низоларни ҳал қилишда қонуний равишда қўллаш, ушбу нормалар асосида ҳужжатлар чиқариш, фуқароларнинг шикоят ва аризаларини кўриб чиқишда фойдаланиш имкониятига эга бўлишини англатади.
Фикримизча, конституцияни тўғридан тўғри қўллаш биринчи навбатда, фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини конституцияга ҳавола қилган ҳолда, давлат органларидан тўғридан тўғри қўллашни талаб қилиши билан аҳамиятлидир.
Конституция нормаларининг судлар томонидан тўғридан-тўғри қўлланилиши жаҳон амалиётида ҳам мавжуд. Хусусан, Германия Конституциясининг 1-моддасида, Польша Конституциясининг 8-моддасида, Бразилия Конституциясининг 5-моддасида, Болгария Конституциясининг 5-моддасида, Россия Федерация Конституциясининг 15-моддасида, Қозоғистон Конституциясининг 4-моддасида судлар томонидан конституция нормаларини тўғридан-тўғри қўллаш мустаҳкамланган.
Хусусан, Германия Конституциясининг 1-моддасида асосий ҳуқуқлар қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти учун бевосита амал қиладиган ҳуқуқ сифатида мажбурийдир, деб белгилаб қўйилган.
Жаҳон мамлакатлари конституционализм тажрибасига таяниб айтиш жоизки, Ўзбекистонда янги институт бўлган конституция нормаларини тўғридан-тўғри қўллаш амалиёти ўзининг самарадорлиги билан аҳамиятлидир. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг 2024 йилда мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборотига мувофиқ, суд амалиёти таҳлили Конституция ва унинг моддаларига жиноят ишлари бўйича судларнинг 73 242 та (2023 йилга нисбатан 4,8 баравар кўп), фуқаролик ишлари бўйича судларнинг 25 083 та (2023 йилга нисбатан 5,6 баравар кўп), иқтисодий ишлар бўйича судларнинг 30 301 та (2023 йилга нисбатан 13,6 баравар кўп) ҳамда маъмурий ишлар бўйича судларнинг 8 837 та (2023 йилга нисбатан 13 баравар кўп) ҳужжатларида тўғридан-тўғри ҳавола қилганликларини кўрсатмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2023 йил 23 июнда “Одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан-тўғри қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида” ги Пленум қарорига кўра судлар томонидан Конституция нормаларини олий юридик кучга эга норматив-ҳуқуқий асос сифатида қўллаш лозимлиги ҳамда Конституция нормасини тегишли қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмаганлиги важи билан қўллашни рад этишга йўл қўйилмаслиги ҳақида тушунтириш берилган.
Шу ўринда, бугунги кунда жиноят ишлари бўйича судлар томонидан Конституция нормаларини тўғридан тўғри қўллаш масаласига тўхталиб ўтсак. Хусусан, жиноят ишлари бўйича судлар томонидан кўплаб суд ҳукмларида бевосита мурожаат қилинаётган Конституциянинг 27-моддасида, жиноят процессида инсон ҳуқуқлари кафолати энг илғор халқаро стандартларга мувофиқ кучайтирилиб, шахснинг суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги, (“Хабеас корпус” институти) ҳамда шахсни ушлаб туриш чоғида унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари унга тушунарли тилда тушунтирилиши кераклиги (“Миранда қоидалари”) ҳақидаги қоидалар белгиланганлиги билан аҳамиятлидир. Ушбу конституциявий кафолатлар инсон ҳуқуқлари муҳофазасини кучайтириш соҳасидаги ишларни мутлақо янги босқичга олиб чиқади ҳамда уларни давлат органларининг суистеъмолликларидан ишончли ҳимоя қилади, шахсий эркинлик дахлсизлигини ва инсонларни ноқонуний ҳибсга олишга йўл қўймасликни кафолатлайди.
Шунингдек, судлар томонидан тўғридан-тўғри қўлланилаётган Конституциянинг 55-моддасига кўра, ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш, бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланган .
БМТнинг 1966 йилдаги “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида”ги Пакт, Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги конвенция (Рим, 1950 йил 4 ноябрь) да “Адолатли суд муҳокамасига бўлган ҳуқуқ” кафолатланган. Мазкур конституциявий норма ҳар қандай шахс бузилган ҳуқуқи ёки қонуний манфаатини ҳимоя қилиш учун қонунда белгиланган тартибда тўғридан-тўғри судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эгалигининг конституциявий кафолатланиши инсон ҳуқуқлари ҳимоясини янада кучайтиради. Ушбу ҳимоянинг самарадорлигини таъминлаш учун эса судлар шикоятларни қатъий процессуал тартиб-қоидаларга таяниб, оқилона муддатларда, тенглик, тортишув ва адолат принциплари асосида кўриб чиқишлари лозим.
Бундай нормалар Италия, Португалия, Сербия каби давлатлар конституцияларида мустаҳкамланган. Мазкур конституциявий норма инсон ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш доирасини кенгайтиришга, нафақат давлат органлари, балки хусусий сектордаги ташкилотлар томонидан инсон ҳуқуқларини бузиш ҳолатларини камайтиришга хизмат қилади.
Мухтасар қилиб айтганда, одил судловни амалга оширишда конституция нормаларининг судлар томонидан тўғридан-тўғри қўллаш амалиётининг самарадорлигига эришиш Ўзбекистоннинг Жаҳон мамлакатлари демократияси индекси, Ҳуқуқ устуворлиги индекси, Бошқарув сифати индикаторлари каби бир қатор халқаро рейтинглардаги ўрни яхшиланишига олиб келади.
Д.Анварова,
Ўзбекистон Республикаси
Одил судлов академияси тингловчиси.