Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Одил судловга аралашганликка оид жиноят ишидан жамоатчилик хабардор қилинади
13:22 / 2023-01-19

Давлатимиз раҳбарининг “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони асосида қандай ишлар амалга оширилади?

Бу саволга Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот котиби Азиз Абидов жавоб берди: 

– Фармонга мувофиқ 2023-2026 йилларда суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар дастури тасдиқланди. 

Ҳеч кимга сир эмаски, “Инсон қадри учун” ғояси асосида иш олиб бориш барча соҳаларда қарор топишига ҳаракат қилинмоқда. Бу, албатта, суд тизимига ҳам тааллуқли. 

Шу мақсадда чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш ҳамда унинг фаолиятини халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга йўналтириш назарда тутилган.

Фармон билан тасдиқланган стратегияни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар дастурида ўнта йўналиш бўйича 28 чора-тадбир белгиланди. Уларни амалга оширишнинг аниқ муддати ва масъуллари кўрсатилди.

Эндиликда “Хабеас корпус” институти амалиётга янада кенгроқ жорий этилади. Низоларни ҳал этишнинг муқобил усулларидан кенг фойдаланиш учун зарур ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилади.

Суд иш юритувида тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги принципини амалда таъминлаш имкониятлари яратилади. Судьялар ихтисослашувини янада кенгайтириш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини танқидий таҳлил қилиш асосида ҳамда илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда маъмурий суд иш юритуви такомиллаштирилади.

Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида уларнинг ишига ҳар қандай аралашув қатъий жазоланиши, судьяларнинг хавотирсиз ишлаши учун давлат томонидан барча шароитлар яратилиши қайд этилгани – фармоннинг энг муҳим жиҳатларидан биридир.

Суднинг мустақиллиги ва судьялар дахлсизлигини таъминлашни кучайтириш мақсадида судга ҳурматсизлик қилиш ҳолатларининг олдини олишнинг самарали механизмлари ишлаб чиқилади. Бунинг учун маъмурий жавобгарлик чоралари кучайтирилади ва жиноий жавобгарлик белгиланади.

Суд ишларини ҳал этишга аралашганлик ва суд ҳужжатини ижро этмаганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш, шунингдек, суд ҳужжатларининг ижро этилишини таъминлашга қаратилган таъсирчан механизмлар жорий этилади.

Одил судловни амалга ошириш фаолиятига аралашганликка оид ҳар бир жиноят иши якуни бўйича жамоатчиликни оммавий ахборот воситалари орқали мажбурий равишда хабардор қилиш тартиби жорий этилади. 

Судья дахлсизлиги билан боғлиқ тезкор-қидирув тадбирларининг ўтказилишига фақат Бош прокурорнинг санкцияси асосида йўл қўйилади.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг процессуал характерга эга бўлмаган, ҳуқуқий тушунтириш бериш борасидаги масалалар бўйича мурожаатларини адлия органлари томонидан кўриб чиқиш амалиёти йўлга қўйилади.

Шунингдек, суд тизими олдида турган долзарб вазифаларнинг самарали амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Олий суд тузилмаси такомиллаштирилиб, Одил судлов соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш департаменти, Ахборот-коммуникация мониторинги – Вазиятлар маркази ҳамда Жамоатчилик билан ҳамкорлик маркази ташкил этилди.  

Илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда айрим тоифадаги фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриш ваколати тегишлилиги бўйича маъмурий органларга ўтказилади.    

Айрим тоифадаги жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни қуйи инстанция судларининг ўзида якунлаш тартиби йўлга қўйилади. Фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича тарафларни келиштириш ва медиация институти кенг жорий этилади.    

Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг расмий эмблемаси тасдиқланди ҳамда бошқа ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар белгиланди.  

Демак, суд тизими такомиллашса, судьянинг дахлсизлиги таъминланса, мустақил иш юритишига монелик бўлмаса, судья ортиқча юкламалардан холос этилса, одил судловни таъминлаш даражаси ошиб боради.  

Норгул Абдураимова, ЎзА