Мамлакатимизда сўнги йилларда демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш стратегияси доирасида фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини кафолатлаш, суд-ҳуқуқ тизимини ривожлантириш йўлидаги ислоҳотлар изчил рўёбга чиқарилмоқда.
Тарихан қисқа даврда юртимизда қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни такомиллаштиришнинг институционал ҳамда ҳуқуқий асослари шакллантирилди. Бу эса, ўз навбатида, жамиятда адолат ва инсон манфаатлари устуворлигини қарор топтиришда, барча ислоҳотлар аввало инсон қадри учун деган тамойил асосида амалга оширилишида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Дархақиқат, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев ташаббуси билан “Инсон қадри учун” тамойили асосида халқимиз фаровонлиги йўлида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бу ислоҳотлар натижасида миллий давлатчилигимиз пойдевори мустаҳкамланиб, ҳар бир фуқаро ва оила фаровонлиги, қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатлари таъминланмоқда.
Бугунги кунда мамлакатимизда халқ билан мулоқот қилиш давлат ва жамият фаолиятининг устувор мезони этиб белгиланган. Фуқароларга давлат идораларига мурожаат қилиш борасида катта қулайликлар яратилган. Президентнинг Халқ қабулхоналари ишга тушди, ҳар бир ташкилот фуқароларни қабул қилиш ва уларга қулоқ солишни ўрганди.
Давлат ва жамият ҳаётида қонунийлик ҳамда қонун устуворлиги таъминланиши ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг самарадорлигини оширишда ҳал қилувчи ўрин тутади. Бинобарин, адолат ҳукм сурган жойда тинчлик бўлади, халқнинг давлатга, унинг институтларига ишончи ортади, Ватан тақдири ва келажагига дахлдорлик туйғуси юксалади.
Албатта, мамлакатда қонунийликни мустаҳкамлашда, фуқароларнинг ҳуқуқларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишда, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишда ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикасида барча турдаги судлар зиммасига катта масъулият юкланади.
Адолат қарор топди, яъни судьялик лавозимига биринчи маротаба тайинлаш беш йилга, иккинчи маротаба — ўн йил, кейингисида муддатсиз тайинланиш (сайланиш), зарур бўлганида етмиш ёшгача ва ундан кейин ҳам фаолият кўрсатиш имкони яратилди. Бу судьяларнинг ёши, малакаси, касб маҳорати ва ҳаётий тажрибасини инобатга олган ҳолда узоқроқ муддат фаолият кўрсатишини кафолатлаш баробарида, уларнинг бошқа давлат органлари олдидаги мустақиллигини таъминлаш омили ҳамдир.
Бундан ташқари, келгусида судларнинг замонавий биноларда, яъни суд ходимлари ва фуқаролар учун барча қулайликлар мавжуд жойда фаолият юритиши учун комплекс чора-тадбирларни рўёбга чиқариш, суд тизими ходимларини ижтимоий ҳимоялаш, уларга зарур шароит яратиш режалаштирилганлиги суд органининг чинакам мустақиллиги ва дахлсизлигини таъминлашга ҳамда судлар фаолияти самарадорлиги ва нуфузини оширишга хизмат қилади. Албатта, бундай ёндашув одил судлов органларига нисбатан ҳурмат кўрсатилишидан ва судьяларнинг умумэътироф этилган нормалар даражасида ижтимоий ҳимояга олинишидан далолат беради.
Шу билан бирга, ўтган қисқа давр ичида судьяликка номзодларни танлаш ва лавозимга тайинлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, юқори малакали судьялар корпусини шакллантириш мақсадида судьялар ҳамжамиятининг янги органи — Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил қилиниши билан судьяларни танлаш ва жой-жойига қўйишнинг янада адолатли тизими шакллантирилди. Айниқса, Президент судьяларни тайинлаш билан боғлиқ ўз ваколатининг бир қисмини Судьялар олий кенгаши ваколатига ўтказиб берганлиги бу янги тузилмага бўлган ишонч ва масъулиятдир.
Суд ислоҳотларининг яна бир муҳим жиҳати, “Судлар тўғрисида”ги қонунда назарда тутилган ва узоқ йиллардан буён ечимини кутиб келган маъмурий судлар ўз фаолиятини бошлади. Шу билан бир вақтда, Ўзбекистон Республикаси Олий суди суд ҳокимиятининг фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий судлов соҳасида ягона олий орган сифатида янгидан шакллантирилди. Бу ҳам одил судловнинг институционал ривожланишига, инсон ҳуқуқларини тизимли ва ишончли ҳимоя қилинишига, яхлит бошқарув орқали қонун устуворлиги таъминланишига хизмат қилади, албатта.
Судлар томонидан жиноят ишларини қўшимча терговга қайтариш амалиётига чек қўйилгани ҳам Президентимиз томонидан бир қатор аниқ мисоллар асосида келтириб ўтилган тизимдаги қонун бузилиш ва коррупция ҳолатларининг олдини олишда муҳим қадам бўлди. Бу, ўз навбатида, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ишончли механизмидир. Чунки қўшимча терговга юбориш институтидан воз кечилиши, оқлов ёки айблов ҳукми чиқариш каби масъулиятни зиммасига олмаган судьяларнинг “Отангга бор, онангга бор” қабилида иш юритиш ҳолатларига барҳам беради.
Шунингдек, ўтган даврда қонунчилигимизга киритилган ўзгартиришларга мувофиқ давлат бошқаруви ва маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари раҳбарлари, жумладан, ҳокимлар, прокурор ва ички ишлар органлари раҳбарларининг маҳаллий Кенгашлар олдида ҳисоб бериш амалиёти жорий этилди. Президентимизнинг эндиликда ҳар бир судьянинг жойларда ойига камида бир марта аҳоли билан очиқ мулоқотини ташкил этиш, суд ходимларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида ўз фаолияти бўйича ахборот бериб бориши тизимини жорий этиш ташаббуси одил судлов органлари вакилларининг халқ билан яқинлигини таъминлашга хизмат қилади. Зотан, халқимиз судьяларни “халқ суди”, “халқ судьяси” деб аташи бежиз эмас. Албатта, мазкур амалиётнинг йўлга қўйилиши судьяларни халқ ичида бўлишга ундайди. Улар билан ҳамдард, ҳамфикрликка чорлайди.
Юртбошимиз “Одамлар ҳамма нарсага чидаши мумкин, лекин адолатсизликка чидай олмайди” деган сўзларнинг маъносига судьялар эътиборини қаратар экан, адолат посбони саналадиган ушбу касб эгалари томонидан қабул қилинаётган ҳар бир қарорнинг қонуний ва адолатли бўлиши зарурлигини таъкидлади. Бу борада суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, одил судлов фаолиятига аралашганлик учун жавобгарлик муқаррарлигини сўзсиз таъминлаш лозимлиги ҳақида билдирилган фикрлар эса адолатни таъминлаш йўлидаги яна бир қатъий қадам бўлди. Ҳақиқатан, судья ўз қасамёдига содиқ қолиб фақат қонунга бўйсунган ва ўз виждони олдида пок бўлган ҳолда иш кўриши керак. Суд ишига аралашув нафақат судьянинг қасамёди, ҳатто Конституциямизнинг “Судьялар мустақилдирлар, фақат қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади”, деган талаби бузилишига олиб келади. Бундай ҳаракат, муҳтарам Юртбошимиз таъкидлаганидек, оғир жиноят ҳисобланади.
Мухтасар қилиб айтганда, фуқаролар ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини яхши биладиган, қонун ва амалдаги тартиб-қоидаларни, одил судлов органларини ҳурмат қиладиган жамиятда қонун устувор бўлади. Қонун устувор бўлган жойда эса адолат қарор топиши муқаррар.
Хуршид СОДИҚОВ
Жиноят ишлари бўйича
Учтепа туман суди тергов судьяси