Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Одил судлов таъминланади
18:10 / 2025-11-26

Президентимизнинг 2025 йил 24 ноябрь куни имзоланган “Судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг самарадорлиги ва очиқлигини ошириш ҳамда суд мустақиллиги кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони одил судловни таъминлаш борасидаги яна бир муҳим қадам бўлди.

Эътироф этиш керак, мазкур Фармонда судлар мустақиллигини таъминлаш, судьяларнинг жамиятдаги нуфузини ҳамда уларнинг қарор қабул қилишдаги масъулиятини оширишга қаратилган бир қатор янгиликлар ўз аксини топган. Жумладан, судьялар фаолиятида очиқлик таъминланади. Судьяликка номзодларни танлашнинг шаффоф тартиби жорий этилади.

Маълумки, гендер тенгликни таъминлаш Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсатнинг устувор йўналишларидан биридир. Бинобарин, аёл судьялар улушини камида 30 фоизга етказиш орқали суд тизимида гендер тенглик кенгаяди. Айни мақсадда ҳар йили заруратга қараб, Одил судлов академиясининг касбий қайта тайёрлаш курсларига қабул қилишда Кенгаш томонидан хотин-қизлар учун квота белгиланади. Шунингдек, ташаббускор судьялар гуруҳи томонидан Ўзбекистон аёл судьялар ассоциацияси ташкил этилади.

Бундан ташқари, энди судьяларни навбатдаги ўн йиллик муддатга тайинлаш (сайлаш) тартиби бекор қилиниб, номзодларни дастлаб беш йил муддатга, кейинчалик муддатсиз даврга тайинлаш (сайлаш) тартиби жорий этилади. Айниқса, судьянинг касбий фаолиятини баҳолашда “ҳалоллик”, “касбий лаёқатлилик” ва “судьялик одоби қоидаларига риоя этиш” талаблари қонунийлаштирилади. Қолаверса, судьялар фаолияти самарадорлигини баҳолашда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш йўлга қўйилади. Энг муҳими, суд мустақиллигига оид халқаро стандартлар асосида адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқарганлик учун жавобгарликни белгиловчи қонунчилик нормалари қайта кўриб чиқилади. Судьяга нисбатан интизомий ишни кўриб чиқишда эса унинг ҳимояга бўлган ҳуқуқи таъминланади.

Яна бир янгилик. Энди интизомий жазо чораси сифатида судья қуйи судьялик лавозимига ўтказилиши мумкин. Ёки унинг интизомий жазоси амалда бўлган вақтда юқори судьялик лавозимига тавсия этилмайди. Умуман олганда, судья аниқ мезонлар асосида интизомий жавобгарликка тортилади.

Фармонда тажрибали судьяларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Айтайлик, суд тизимида камида беш йиллик меҳнат тажрибасига ва илмий салоҳиятга эга судья Одил судлов академиясининг профессор-ўқитувчиси лавозимига тайинланса, Академиядаги фаолияти тугагандан сўнг у муқаддам ишлаган судьялик лавозимида ишини давом эттириши мумкин бўлади. Борди-ю, бўш турган судьялик лавозими бўлмаса, ўзининг розилиги билан аввалгисига тенг бошқа судьялик лавозимига ўтказилади.

Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз раҳбарининг айни Фармони одил судловни таъминлашга, шу орқали қонун устуворлигига хизмат қилади. Натижада “Ўзбекистон-2030” стратегиясида белгиланган вазифалар, хусусан “Янги Ўзбекистон – Янги суд” тамойили ўз ифодасини топади.

Нодиржон КИМСАНОВ,

жиноят ишлари бўйича Косонсой

туман судининг тергов судьяси