Олий судда мамлакатимиз судьялар ҳамжамияти билан конструктив учрашув бўлиб ўтди. Унда Президент Администрацияси масъуллари, барча даражадаги раҳбарлар ва судьялар иштирок этди.
Тадбирда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида, хусусан, Президент Администрацияси олдига қўйилган бешта устувор вазифада суд ислоҳоти муҳим ўрин тутиши таъкидланди.

Саккиз йил давомида давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан одил судлов соҳасида энг намунали хорижий тажрибани ўз ичига олган кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилди.
Суд тизимини сунъий интеллект асосида рақамлаштириш, судларга енгиллик яратиш мақсадида низосиз масалаларни нотариусларга ўтказиш, судьяларни тайёрлашни такомиллаштириш тўғрисида яқинда қабул қилинган фармон соҳада туб бурилиш ясади.

Бу соҳада эскирган таълим тизими ўрнини эгаллайдиган Одил судлов академияси ташкил этилди.
Тадбирда Олий суд раисининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган Алишер Усмоновнинг ўз фаолияти давомида суд тизимини мустаҳкамлаш, одил судловни таъминлашга муносиб ҳисса қўшишига ишонч билдирилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА