Давлатимиз раҳбарининг “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида суд тизими учун юқори малакали ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлаш вазифаси қўйилган.
Тизимни халқаро стандартлар асосида янада такомиллаштириш, таълим, илм-фан ва амалиёт узвийлигини таъминлаш орқали профессионал судьялар корпусини шакллантиришга эътибор қаратилган.
Одил судлов академиясида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан Президент Администрацияси томонидан мониторинг ўтказилди.
Мазкур жараёнга Академия раҳбарияти, янги шаклланган профессор-ўқитувчилар таркиби ҳамда тингловчилар жалб этилди.

Академияда жами 20 нафар профессор-ўқитувчи фаолият кўрсатмоқда. 2025-2026 ўқув йилида 164 нафар тингловчи ўқишга қабул қилинган. Шундан 4 нафари дарс жараёнларини ўзлаштира олмаганлиги сабабли тингловчилар сафидан чиқарилган.
Дарс жараёнлари «назария – амалиёт – имитация» тамойили асосида дуал таълим шаклида ташкил этилган. Куннинг биринчи ярмида назарий, иккинчи ярмида деонтологик ва амалий машғулотлар ўтказилмоқда.
Тадбир давомида суд тизими учун кадрлар тайёрлашнинг институционал асоси сифатида ташкил этилган Академия фаолияти, уни халқаро стандартлар асосида йўлга қўйиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.
Хусусан, “бўлажак судьяни судья тайёрлайди” тамойили асосида ўқув жараёнига амалиётчи судьяларни жалб этиш, таълим сифатини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда юқори малакали судьялар корпусини шакллантиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилишига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбир доирасида Академия ректори ва янги тайинланган проректорлар томонидан амалга оширилаётган ишлар, мавжуд имкониятлар, таълим жараёнини такомиллаштириш ҳамда келгусидаги аниқ манзилли режаларига бағишланган тақдимотлар ўтказилди.
Тингловчиларнинг билим даражаси, касбий салоҳияти ва ўқув жараёнига муносабатини аниқлаш мақсадида очиқ мулоқот ташкил этилди.
Мониторинг жараёнида Академиянинг рақамли инфратузилмаси, электрон таълим платформалари, симуляция заллари ҳамда ўқув машғулотларида қўлланилаётган замонавий технологиялар ҳолати кўздан кечирилди.
Ўрганиш якунлари бўйича Академия фаолиятининг устувор йўналишлари, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этишга қаратилган таклифлар муҳокама қилинди.
Фармонда белгиланган вазифалар ижросини янада самарали таъминлаш юзасидан тегишли тавсиялар ва истиқболдаги режалар белгиланди.
Н.Абдураимова, ЎзА