2025 йил Жиззах вилояти судлари фаолиятида одил судловни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда қонун устуворлигини мустаҳкамлаш борасида аниқ натижалар билан ёдда қолди. Суд тизимида очиқлик, холислик ва шаффофлик тамойиллари устувор йўналиш сифатида изчил амалга оширилди.

Жиноят ишлари бўйича судларда йил давомида 1910 та иш кўриб чиқилиб, улар 2410 нафар шахсни қамраб олди. Ушбу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 1,7 фоизга камайгани жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган профилактик чора-тадбирлар самарасини кўрсатади. Шу билан бирга, 27 минг 935 та маъмурий ҳуқуқбузарлик иши кўриб чиқилиб, бу соҳада 18 фоизлик ўсиш қайд этилди.
Суд амалиётида жазо тайинлашда инсонпарварлик ёндашуви устувор бўлди. Судланганларнинг 31 фоизи ахлоқ тузатиш ишларига, 30 фоизи озодликни чеклашга, 25 фоизи озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинди. Шу билан бирга, 12 нафар шахс оқланиб, тўлиқ реабилитация қилинди, 458 нафар судланувчига нисбатан айбловлар енгиллаштирилди ёки бекор қилинди. Бу ҳолатлар суд тизимида адолат ва холислик тамойиллари амалда таъминланаётганини тасдиқлайди.
Хотин-қизлар ва вояга етмаганлар иштирокидаги жиноят ишларига алоҳида эътибор қаратилди. 236 нафар аёл ва 65 нафар вояга етмаган шахсга нисбатан жиноят ишлари кўриб чиқилди. Вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятларнинг 56,9 фоизи ўғирликка тўғри келиши профилактик ва тарбиявий чораларни янада кучайтириш зарурлигини кўрсатади.
Фуқаролик ишлари бўйича судларда 88 минг 926 та иш кўриб чиқилиб, бу ўтган йилга нисбатан 4595 тага кўп. Кўрилган ишларнинг 76,3 фоизи қаноатлантирилди. Айниқса, никоҳдан ажратишга оид 2607 та иш юзасидан 123 та оила яраштирилгани судларнинг нафақат ҳуқуқий, балки ижтимоий барқарорликни таъминлашдаги ўрнини намоён этди.
Иқтисодий ишлар бўйича судлар томонидан 41 минг 616 та ариза ва даъво қабул қилиниб, уларнинг 94,6 фоизи белгиланган тартибда кўриб чиқилди. Даъвогарлар фойдасига 804 миллиард сўмдан ортиқ маблағни ундириш ҳақида суд ҳужжатлари қабул қилинди. Юқори инстанцияларда суд қарорларининг 99,71 фоизи ўз кучида қолгани қабул қилинаётган қарорларнинг ҳуқуқий асосланганлигидан далолат беради.
Умуман олганда, 2025 йилда Жиззах вилояти судлари фаолияти рақамлар ортида турган ҳақиқий мазмун — адолат, инсон ҳуқуқларига ҳурмат ва фуқаролар ишончи билан аҳамиятли бўлди. Суд тизимида амалга оширилган ислоҳот ва чора-тадбирлар жамиятда қонун устуворлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Акром Шукуров,
Жиззах вилояти судининг раиси
ЎзА