Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Одил судлов: фуқароларга қандай енгилликлар яратилади?
10:58 / 2020-07-28

Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузига эътибор қаратадиган бўлсак суд тизими ва унинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш лозимлигининг яна бир исботидир.


Ўзбекистон Республикасида сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари изчил давом эттирилиб, судларнинг мустақиллигини таъминлаш, ҳақиқий одил судловни амалга ошириш ва пировардида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида ижобий натижаларга эришилаётганлигини қайд этиш ўринли. 
Шунга қарамасдан, ҳануз бюрократик тўсиқлар сақланиб қолаётганлиги, суд қарорларини қайта кўришдаги бир-бирини такрорловчи босқичлар мавжудлиги, тортишув принципининг етарлича таъминланмаётганлиги, инвесторлар ҳуқуқларининг суд ҳимоясида бўлиши қониқарли даражада эмаслиги, прокурорларнинг суддаги иштирокида баъзи ваколатларнинг сақланиб қолганлиги суд тўғрисидаги қонунчиликни замон талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқлаштиришни талаб этмоқда. 

Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузига эътибор қаратадиган бўлсак суд тизими ва унинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш лозимлигининг яна бир исботидир.

Шу жиҳатдан Президентимиз томонидан 2020 йилнинг 24 июлда қабул қилинган «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармон юқорида тилга олинган муаммоларни ҳал этишга хизмат қиладиган тарихий ҳужжат ҳисобланади.

Дарҳақиқат, инсон ҳуқуқлари олий қадрият. Уларнинг амалда таъминланиши, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини муҳофаза қилиниши ва бузилган ҳуқуқларининг тикланиши бевосита суд ҳокимиятининг мустақиллиги, адолатли ва холис қарор қабул қилиши билан баҳоланади.

«Суд биносига келган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат борлигига ишониб чиқиб кетиши керак. Бу Президент талаби», деб таъкидлаган эди юртбошимиз жорий йилнинг 30 июнь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида.

Шу ўринда, ҳақли савол туғилади. Фармоннинг қабул қилиниши натижасида, оддий фуқаро, халқнинг ҳаётида қандай ўзгариш юз беради? Фуқароларга қандай енгилликлар яратилади, одил судлов таъминланадими, судларнинг чинакам мустақиллигига эришиладими? Бу саволларга тўлақонли жавоб бериш мақсадида Фармон билан белгиланган қатор ўзгаришларни таҳлилий кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ.

Қабул қилинган Фармонни учта асосий ўзаро боғлиқ бўлган жиҳатлар билан изоҳлаш мумкин. Аввало, бу судлар фаолиятининг очиқлиги, унинг ошкоралиги ва шаффофлигини кучайтириш, судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг адолатли, холис бўлиши ва пировардида судларга нисбатан ишончни ошириш орқали халқнинг, фуқароларнинг суддан рози бўлишига эришиш ҳисобланади.

Биринчидан, судлар фаолиятининг очиқлиги демократик давлатнинг муҳим шарти ҳисобланади. Бу борада амалдаги суд тизимини ташкилий-ҳуқуқий шаклини замон талаблари ва халқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш зарурати мавжуд. Хусусан, бугунги кунда вилоят судларининг амалдаги тузилмаси амалиётда қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда:

Аввало, судларнинг тарқоқ эканлиги фуқаролар ва тадбиркорларнинг сарсон бўлишига олиб келмоқда, биргина 2019 йилнинг ўзида 58 мингдан ортиқ фуқаро ва тадбиркорлар судлардаги сарсонгарчиликларга нисбатан ўз эътирозларини билдирган. Бундан ташқари, судлар аппаратларидаги ёрдамчи ходимларга ҳақ тўлаш ҳамда моддий-техник жиҳатдан таъминлаш учун бюджет маблағларини ортиқча сарфланишига олиб келмоқда.

Шундай экан, бугунги куннинг талаби суд тизимини оптималлаштириш орқали судларнинг фуқаролар учун очиқлигини таъминлашдир. Қабул қилинган фармон асосида вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларини ташкил этиш белгиланди. Бундан кўзланган асосий мақсад ягона суд амалиётини шакллантириш ҳисобланади.

Иккинчидан, бугунги кунда маъмурий судлар фаолияти давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан маҳаллий ҳокимликларнинг фаолиятида қонунийликни таъминлаш, уларнинг ноқонуний қарорларини бекор қилиш орқали фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ўз вақтида ҳамда самарали тиклашга қаратилган. Бу борада рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, маъмурий судлар томонидан 2019 йилдан шу кунга қадар 2 мингдан ортиқ ҳоким қарорлари ҳақиқий эмас деб топилган. Шуни айтиш лозимки, амалдаги маъмурий судлар фаолиятида қатор ечимини кутаётган муаммолар мавжуд. Масалан, туман миқёсида маъмурий судлар, шу туман ҳудудидаги маҳаллий ҳокимият органларидан мустақил фаолият юритишида қийинчиликлар мавжуд.

 Бундан ташқари, оммавий-ҳуқуқий низоларни кўришга ихтисослашган маъмурий судларга маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни кўриш ваколати ҳам юклатилган. Бу ишлар табиатига кўра жиноят ишларига яқин бўлиб, иш ҳажмининг асосий қисмини айнан шундай ишлар ташкил қилаётганлиги маъмурий судларни ташкил этишдан кўзланган мақсадга эришишга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Шу муносабат билан, Фармон билан 2021 йил 1 январидан Ўзбекистонда маъмурий одил судлов тизими ташкил этилади. Бунда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилади, мавжуд маъмурий судлар мақбуллаштирилиб, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судлар ташкил этилади. Қайд этиш жоизки, маъмурий ҳуқуқбузарликлар билан боғлиқ ишларнинг жиноят судларига олиб берилиши маъмурий судларнинг иш ҳажмининг камайтириш орқали давлат органларининг хатти-ҳаракатларининг қонунийлигини суд орқали ишончли ҳимоя қилинишини кафолатлайди.

Учинчидан, жиноят процессуал қонунчилигида мутлақо янги институт жорий этилмоқда. Суд тергови жараёнида инсон ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тарафларнинг тортишувчанлиги тамойилини амалда рўёбга чиқариш мақсадида жиноят судларида дастлабки эшитув босқичи жорий этилади. Бундан кўзланган асосий мақсад дастлабки тергов органлари томонидан йўл қўйилган камчиликларни аниқлаш ва бартараф этиш, ишни суд жараёнига қабул қилишда томонларнинг иштирокини таъминлаш орқали уларнинг важларини янада мустаҳкамлаш ва асослаш имкониятини яратишдан иборат.

Суд ҳокимиятининг айнан шу хусусияти ҳақида сўз борганда, айрим муаммоли ва халқаро экспертлар томонидан танқид остига олинган тартибларнинг амалда мавжудлигини қайд этиш лозим.

Суд қарорларининг сифатини ошириш ва барқарорлигини таъминлашда тўсиқ бўлиб турган ҳолатлардан бири бу суд қарорларини устидан шикоят келтириш ҳуқуқини берувчи назорат инстанциясининг мавжудлиги ҳисобланади. Бу инстанция хусусида БМТнинг махсус маърузачиси Д. Гарция-Сайян, Иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро экспертлар бу босқичини танқид остига олган.

Шунга кўра, Фармон билан суд ишларини назорат тартибида кўриш институти тугатилади, яъни Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарларининг суднинг ҳал қилув қарорлари, ҳукмлари, ажримлари ҳамда қарорлари устидан назорат тартибида протест киритиш ҳуқуқи 2021 йил 1 январидан бекор қилинади. Бу эса судда ҳар бир иш бўйича якуний тўхтамга келиш ҳамда фуқаролар ва тадбиркорларнинг сарсон бўлишининг олдини олишга қаратилган муҳим қадам ҳисобланади.

Қайд этиш керакки, ҳозирда вилоят судлари 3 та (биринчи, апелляция ва кассация) инстанцияда ишларни кўриб чиқади.

Эндиликда, бир суднинг ўзида биринчи инстанцияда кўрилган ишлар, шу суднинг ўзида кейинги инстанция сифатида кўрилиши амалиётига барҳам берилади ва суд қарорлари устидан шикоят беришнинг янги тартиби жорий этилмоқда. Биринчи туманлараро, туман (шаҳар) судларининг қарорларини вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан, вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорларини эса Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида қайта кўриб чиқиш. 

Иккинчи апелляция тартибида кўриб чиқилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов Мазкур моделнинг жорий этилиши миллий суд тизимини халқаро стандартлар ва илғор хорижий амалиётга мослаштиришга хизмат қилади. Натижада ортиқча суд босқичларини бекор қилиш орқали «бир суд – бир инстанция» тамойили жорий этилишига олиб келади. Айтиш лозимки, мамлакатимизда судларнинг мустақиллиги, тергов ва прокуратура органлари ва бошқа таъсирлардан холилиги уларнинг ҳокимиятнинг алоҳида бўғини сифатида мавқеини оширишга хизмат қилади. Афсуски, ҳозирда суднинг чинакам мустақиллигини, тарафларнинг судда тортишувчанлик ва тенглиги тамойилини тўлиқ таъминлашга тўсқинлик қилувчи қуйидаги салбий омиллар сақланиб қолмоқда.

Биринчидан, қонунчиликда прокурор судда айбловдан воз кечган тақдирда судья қандай қарор қабул қилиши кераклиги белгиланмаган.

Иккинчидан, прокурор иштироки шарт бўлмаган фуқаролар ёки тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ ишлар кўрилишида танлов асосида қатнашиб, тарафлар ёки судга босим ўтказиши мумкинлиги истисно этилмайди. Учинчидан, прокурор томонидан суддан ишни ўз ташаббуси билан чақириб олиниши тарафларнинг тенглиги тамойили бузилишига ва турли суиистеъмолликларга олиб келиши мумкин. Шунга биноан, прокурорнинг судда иш кўрилиши жараёнида иштирок этиш тартибини илғор халқаро стандартларга мослаштириш зарурати мавжуд.

Айнан шунинг учун Фармон асосида прокурорнинг қатор ваколатларига ўзгартишлар киритилди.

Хусусан, давлат айбловчиси айбловдан воз кечган тақдирда реабилитация асосларига кўра жиноят ишини тугатиш; прокурор томонидан суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ҳал қилув қарори, ажрими ёки қарори бўйича ишларни, ушбу ишлар юзасидан тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина, суддан чақириб олиб ўрганиш; ҳамда қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари судларда бошқа шахсларнинг ташаббуси билан қўзғатилган фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида прокурор ўз ташаббуси билан иштирок этишини истисно этиш тартиби жорий этилади. Бу эса ўз навбатида жиноят процесси иштирокчилари ваколатларининг ўзаро мувозанатини таъминлашга хизмат қилади.

Мустақил суд ҳокимияти ҳақида сўз юритар эканмиз, бу борада судлар ва судьяларнинг моддий-маиший таъминоти муҳим ўрин тутишини қайд этиш лозим. Бу борада ҳам айрим муаммоли ҳолатлар мавжуд. Масалан, ҳозирги пайтда судьялар ва суд ходимларининг моддий таъминоти бюджетдан ташқари Суд ҳокимияти органлари фаолиятини ривожлантириш жамғармаси ва бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Бундай тартиб, судьялар томонидан ишларни мустақил ва холис кўриб чиқилишига салбий таъсир кўрсатиши билан бирга, халқаро стандартларга жавоб бермайди. Шунга биноан, Фармон билан суд тизими судьялари ва ходимларининг моддий таъминотини молиялаштиришни тўлиқ Давлат бюджетига ўтказилиши тартиби жорий этилиши ҳамда уларнинг иш ҳақлари миқдорларини оширилиши назарда тутилган.

Айтиш керакки, мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш бугунги кундаги муҳим вазифалардан ҳисобланади. Бу борада Президентимиз томонидан айтилган қуйидаги фикрни қайд этиш ўринли: «Сармоя киритаётган инвестор, биринчи навбатда ўз ҳуқуқлари суд орқали кафолатли ҳимоя қилинишига эътибор беради». Шундай экан, бугунги кунда инвесторнинг ҳуқуқлари ҳам тўлиқ кафолатланган дея олмаймиз.

Қабул қилинган фармон асосида қонунчиликда янги судлов тизими – Олий суд тузилмасида инвестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш бўйича судлов таркибини тузиш белгиланди. Судлов таркибига инвестиция киритилган санада йигирма миллион АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда инвестицияни амалга оширган жисмоний ёки юридик шахслар ва давлат органлари ўртасида юзага келадиган инвестициявий низолар ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш ваколати белгиланди. Инвестициявий таркибнинг ташкил этилиши инвесторлар низоларни ҳал қилиш учун турли суд инстанциялари ўртасида ойлаб сарсон бўлишларининг олдини олади ва уларнинг муаммолари битта судда ҳал қилинишини таъминлайди. Шу билан инвесторларнинг одил судловга ишончини кучайтириш орқали республиканинг инвестициявий жозибадорлиги ортишига хизмат қилади.

Шундай экан, хусусий мулк ҳуқуқи қонун ва суднинг кафолатли ҳимоясида бўлиши таъминланади.

Шу ўринда бир нарсага алоҳида эътибор қаратиш лозим. Фармоннинг қабул қилиниши миллий ҳуқуқ мактаби, ҳуқуқшунослар, илмий жамоа, амалиётчилар ва суд-тергов органи ходимлар учун


катта масъулият юклайди. Унинг моҳиятини тушуниш ва тўғри татбиқ этиш, ижросини амалда таъминлаш учун тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш билан бирга, суд корпуси вакиллари учун алоҳида семинар-тренинглар ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Мазкур курсларда суд-тергов органлари малакасини ошириш билан бирга, янги тартиб-таомилларни қўллаш кўникмасини шакллантиришга эришилади.

Демак, мазкур Фармон орқали суд тизимида кўплаб ижобий ўзгаришлар юз беради – туман маъмурий судлари ўрнига туманлараро маъмурий судлар ташкил этилади; вилоятларнинг барча судлари умумюрисдикция судлари бўлиб бирлашади, дастлабки эшитув институти жорий этилади, прокурорларнинг айрим ваколатлари олиб ташланади, судларнинг ахборот-коммуникация фаолияти такомиллаштирилади, уларнинг моддий таъминланганлик даражаси ортади. Буларнинг барчаси, пировардида одил судловни таъминлаш, инсон ҳуқуқларини қўшимча кафолатлаш мақсадларига хизмат қилади.

М.Самандаров, Жиноят ишлари бўйича
Хоразм вилояти судининг судьяси