Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 21 августдаги «Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан Судьялар олий мактаби негизида Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси ташкил этилди.
Академияда таълим жараёни “устоз-шогирд” анъанаси асосида “бўлажак судьяни судья ўқитади” тамойилига мувофиқ ташкил этилади.
2025 йил 1 октябрдан бошлаб судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш Академиянинг олти ойлик касбий қайта тайёрлаш курсларида давлат гранти асосида суд ихтисосликлари бўйича ташкил этилади.
Касбий қайта тайёрлаш курсларига қабул қилинган шахслар уларнинг эгаллаган лавозими бутун ўқиш даври мобайнида сақланган ҳолда асосий иш жойи бўйича лавозимидан озод қилинади.
Касбий қайта тайёрлаш курслари тингловчиларига судья ёрдамчисининг бир ойлик меҳнатига ҳақ тўлаш фондининг миқдорида ҳар ойда стипендия тўланади.
Касбий қайта тайёрлаш курсларига қабул қилиш психологик, чет тиллари ва суд ихтисослигидан тест синовларидан ўтказиш ҳамда Судьялар олий кенгаши томонидан ташкил этиладиган идоралараро комиссия томонидан ўтказиладиган ёзма имтиҳон ва якка тартибдаги суҳбатдан иборат танлов орқали амалга оширилади.
Касбий қайта тайёрлаш курсларини муваффақиятли тугатгани тўғрисидаги сертификатга эга бўлган шахслар аризасига асосан бўш судьялик лавозимларига ўтказиладиган танловларда иштирок этади.
Академияда малака оширишнинг янгича услублари татбиқ этилади. Судья ва суд аппарати ходимларининг мажбурий малакасини оширишнинг тартибига кўра, беш йил муддатга тайинланган судьялар – ҳар икки йилда икки ҳафтадан кам бўлмаган; ўн йил муддатга тайинланган судьялар – ҳар уч йилда икки ҳафтадан кам бўлмаган; Олий суд судьялари, суд раислари ва раис ўринбосарлари, шунингдек, муддатсиз даврга тайинланган судьялар – ҳар уч йилда бир ҳафтадан кам бўлмаган; фаолият самарадорлиги рейтингининг паст кўрсаткичларига эга судьялар – навбатдан ташқари икки ҳафтадан кам бўлмаган; суд аппарати ходимлари – ҳар икки йилда бир ҳафтадан кам бўлмаган малака ошириш курсларида ўқитилади.
Шу билан бирга, туман (шаҳар) ва вилоят судларининг тегишли раҳбарлик лавозимларини эгаллаш учун захирада бўлган судьялар давомийлиги икки ойгача бўлган раҳбар кадрларни қайта тайёрлаш курсларида ўқитилади. Туман (шаҳар) ва вилоят судларида тегишли раҳбарлик лавозимларига, қоида тариқасида, фақат раҳбар кадрларни қайта тайёрлаш курсларини муваффақиятли тамомлаган судьялар тайинланади.
Академияда 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб “Суд фаолияти” мутахассислиги бўйича амалий магистратура дастури асосида ўқитиш ташкил этилади ҳамда магистратура босқичида ўқув жараёни таълимнинг кундузги ва кечки шаклларида ташкил этилади. Магистратура дастури бўйича ўқиш бир йилни ташкил этиб, битирувчиларга давлат намунасидаги диплом берилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА