Бугунги кунда суд-ҳуқуқ тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар боис, халқнинг суд тизимларига бўлган ишончи кун сайин ошиб бормоқда. Натижада бир вақтлар турли баҳона ва айбловлар билан “жиноятчи”га айланган айрим юртдошларимиз судларнинг тегишли ажримларига кўра оқланмоқда.
Суд процессида қатнашган 6 нафар адвокатнинг қатъий оқловни талаб қилишига қарамай Жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят судининг 2009 йил 16 ноябрдаги ҳукми билан Ихтиёр Умаровга Жиноят кодексининг бир қатор моддалари билан 10 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган эди. Аммо у 2013 йил ноябрида жазо муддатидан аввал озодликка чиқарилган.
Аслида И.Умаров ҳуқуқшунос. У Бухоро ва Навоий вилоят адлия бошқармаларида етакчи маслаҳатчи, бош маслаҳатчи, адлия бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, Навоий вилояти ҳокимлиги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар гуруҳи раҳбари, шунингдек, Учқудуқ тумани ҳокими вазифаларида ишлаган.

И.Умаров судга қадар бирор бир марта терговга чақирилмаган. Судда маълум бўлишича, уч нафар фуқаро томонидан “И.Умаровга пора берганмиз” дейилган аризалар асосида жиноят иши қўзғатилган.
Биринчи инстанция суди И.Умаровга бошқалар билан тил бириктириб, ўзларига ишониб топширилган ва ихтиёрларида бўлган ўзганинг мулкини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиш, мансабни суиистеъмол қилиш, пора олиш каби бир қатор жиноятларини “бўйнига қўйиб” жазо тайинлайди.
Ҳатто жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди кассация инстанциясининг 2012 йил 24 июлдаги ажрими билан юқоридаги ҳукм ўзгаришсиз қолдирилган...
Ихтиёр Умаров озодликка чиққач, ўз айбсизлигини исботлаши учун қарийиб олти йиллик умри кетди.
Олий суд Раёсатининг 2020 йил 3 июлдаги қарори билан И.Умаровга нисбатан чиқарилган кассация инстанциясининг ҳамда Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг ажрими бекор қилиниб, жиноят иши қайтадан кассация инстанциясида кўриш учун юборилди.
2020 йил 17 декабр куни жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди кассация инстанциясининг ажрими эълон қилинди.
Ажримдан маълум бўлишича, ўзбек тилини яхши билмайдиган бошқа миллат вакиллари бўлган 40 дан ортиқ гувоҳлар таржимонсиз тергов қилинган. Улар тушунмасдан, сўроқ баёнини ўқимасдан имзолаб бергани ҳақида кўрсатмалар берган.
Суд таржимон орқали гувоҳларни сўроқ қилганда, “бундай кўрсатма бермаганман”, “мен қозоқ тилида ўқиганман нима ёзилганини тушунмадим”, “протоколни ўқиганим йўқ”, “терговчи сўроқ баённомасини ўқитмасдан қўл қўйдириб олди”, деб биринчи терговда ёзилган кўрсатмаларини инкор қилган.
Кассация судида гувоҳлар “ҳоким тамагирлик қилди, ёки пул олди” деб кўрсатма бермагани, аксинча терговчи томонидан ёзилган кўрсатмаларни бутунлай инкор қилгани, бироқ биринчи инстанция суди бу ҳолатларга эътибор қаратмасдан айбловни қўллаб-қувватлагани маълум бўлади.
Қолаверса, судда сўралганда терговчи “120 бош қўйнинг талон-торож қилинганлиги ревизияда тасдиқланмаганди, муддати етмаганлиги боис қўшимча текшириш тайинламагандим”, дея ўз айбини тан олади.
Хуллас, Судлов ҳайъати жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят судининг 2009 йил 16 ноябрдаги ҳукмининг И.Умаровга оид қисмини бекор қилади ва уни айбсиз, деб топади.
Бу оқлов хулосаси ҳам юртимизда судларнинг одиллик сари юз тутгани, инсон қадр-қиммати ҳамма нарсадан устун эканлиги тан олинаётганлигидан далолат.
Абдували БЎРИЕВ, ЎзА