Қашқадарё вилояти Касби туманилик фаол фермерлардан бири Нодира Қурбоновага кўпчилик “Суяги далада қотган” деган таърифни беради. Бу бекорга эмас, у бутун умр қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритиб келмоқда.
–Дастлаб жамоа хўжалигида оддий ишчи бўлганман, – дейди у. – Кейин бир муддат сут соғувчи бўлиб ишладим. Хўжаликда қайси ишни бажармай, астойдил меҳнат қилишга, фаоллар сафида туришга ҳаракат қилардим. Шу боис кейинчалик хўжаликдаги бригадалардан бирига раҳбарлик қилишни менга ишониб топширишди. Аввал ўзим учун ҳаракат қилган бўлсам, энди бригадамни илғорлар сафига қўшишга интилдим. Бу ишни уддаладим ҳам. Кўп йиллар давомида хўжаликда биринчиликни қўлдан бермаганмиз.
Мамлакатимизда хусусий мулкка эътибор кучайган бир пайтда Нодира Қурбонова ҳам мавжуд имкониятлардан руҳланиб “Яратов Илҳом Алихонович” фермер хўжалигига асос солди. Хўжалик тасарруфидаги 100 гектар майдонда пахта ва ғалла етиштира бошлади.
– Албатта, янги иш бошлаган йилларимиз осон бўлгани йўқ, – дейди у. – Техника, сув муаммоси бор эди. Лекин бугунга келиб фермер хўжалигимизнинг моддий-техник базасини, иқтисодий имкониятларини тўлиқ мустаҳкамлаб олдик. Энди экинларни ўз вақтида экишга, агротехник тадбирларни вақтида бажариш ўз қўлимизда. Далани катта насослар ёрдамида тўлиқ ер ости суви билан суғоряпмиз. Натижада ҳосилдорликни тубдан оширишга эришдик. Ўтган йили пахтадан 40 центнердан, ғалладан эса 70 центнердан ҳосил олдик. Ҳосилнинг ҳудуддаги кластер корхонасига шартнома бўйича, қолганини бозор тамойиллари асосида сотдик. Бундан ташқари, 3 гектар майдонда картошка етиштириб, 60 тонна сара картошка олдик. Хуллас, даромад кутганимиздан ҳам ортиқ бўлди. Таъкидлаш жоизки, тадбиркор бойиса, ривожланса, яна янги-янги ташаббусларни амалга оширади. Натижада қўшимча иш ўринлари яратилади, ҳудудларда ишлаб чиқариш салмоғи ортади, хизмат кўрсатиш сифати яхшиланади.
Нодира Қурбонова ҳам фермер хўжалигининг даромадларини яна янги-янги лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирмоқда. Ўтган йиллар давомида у ҳудудда компьютер хизматлари кўрсатиш, гўзаллик салони, тикувчилик каби тармоқларни ишга туширган бўлса, эндиликда катта сиғимга эга замонавий совиткич харид қилиш ниятида.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА.