Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Одамзод аччиқни тотмагунча шириннинг, мусибатни тотмагунча ҳаловатнинг қадрига етмайди
17:52 / 2022-08-18

Одамзод жуда кўп неъматлар ичида яшаётганини ҳар доим ҳам англаб етавермайди. Масалан, барча неъматларнинг асосий омили бўлган тинчликни ҳар доим ҳам қадрлайвермаймиз.

Бугунги фарахбахш кунларнинг, байраму шодиёналарнинг ҳузур-ҳаловатини туйишимиз учун тинчлик керак, хотиржамлик зарур.

Салама ибн Убайдуллоҳ ибн Миҳсон Ансорий отасидан ривоят қилади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки ўз уйида тинчликда, тани соғлом, бир кунга етадиган таоми бор ҳолда тонг оттирса, унга бутун дунё неъматлари тўлиғича берилгандек бўлибди», дедилар» (Имом Бухорий ривояти).

Бобомиз Имом Бухорийнинг «ал-Адаб ал-муфрад» асарида келтирилган ушбу ҳадиснинг Имом Термизий ва Ибн Можа ривоятларида «сиздан (минкум)” сўзи қўшимча қилинган. Ибн Можа ривоятида «тан соғлиғи (муафан фий жасадиҳи) ҳадис аввалида зикр қилинган. Айрим ривоятларда «таом» сўзи ўрнига «озуқа (қут)” сўзи қўлланилган.

Яна саноқли кунлардан сўнг мамлакатимизда мустақиллигимизнинг 31 йиллиги «Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!» шиори остида кенг нишонланади. Табиийки, тинч юртга байрамлар ярашади.

Тинчлик Аллоҳ таоло бутун инсониятга инъом этган энг улуғ неъматдир. Ислом дини тинчлик тушунчасини ўзининг бош ғояси ва муҳим шиорига айлантиргани ҳам бежиз эмас, албатта. Бу дин кишиларни тинчликни асраб-авайлаш ва барқарорликни таъминлаш йўлида имон, инсоф, адолат, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик билан ҳаракат қилишга, фитна ва ўзаро адоватга барҳам беришга чақиради.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда баён қилади: «Эй имон келтирганлар! Барчангиз ёппасига тинчлик ишига киришингиз» (Бақара сураси, 208-оят).

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам тинчлик ва хотиржамлик ҳақида бундай деганлар: «Тинчлик ва хотиржамлик икки улуғ неъматдирки, бундан кўп одамлар бебаҳрадирлар» (Имом Бухорий ривояти).

Тинчлик ва фаравонлик – бу икки сўзда жо бўлган ҳақиқатни англамоқнинг ўзи бир бахт, уни сидқидилдан асраш эса ҳар бир фуқаронинг бурчидир. Жаҳоннинг турли минтақаларида юз бераётган низо ва келишмовчиликлар, ички ва ташқи кучлар томонидан уюштирилаётган иғвою фитналар беихтиёр ҳар биримизни огоҳ бўлишга чорлайди, фикрлашга ундайди.

Атрофимизда юртимиздаги тинчликни кўролмайдиган ҳаракатлар, осойишта ҳаётимизга рахна солишни истайдиган қора кучлар бор экан. Бундай ғоявий таҳдидларга қарши туришимиз ва улардан ҳимояланишимиз озод, ҳур ҳаётимизни асрашдаги долзарб масалаларидан бўлиб қолаверади.

Тинчлик – жамиятда фаровонлик, оилада эса барқарорлик омилидир. Уни таъминловчи воситалар эса огоҳлик, ҳушёрлик, сергаклик, атрофдаги ҳар бир воқеликка дахлдорлик, масъулликдир. Булар йўқ жойда, лоқайдлик, муросасизлик ҳукм сурган маконда осуда ҳаётдан асар ҳам бўлмайди.

Шундай экан, мамлакатимизда тинчликни таъминлаш йўлида олиб борилаётган ислоҳотларга ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозим. Аввало, ёшларни турли ёт ғоялардан асрашда биз, имом-хатиблар ўзимизнинг тажрибамиздан келиб чиқиб, муносиб ҳиссамизни қўшишимиз шарт.

Чунончи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёшларга жуда эътиборли бўлганлар. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом бундай деганлар: «Аллоҳга бандаларнинг энг суюклиси ёш ва хушсурат бўлиб, чиройи ва ёшлигини Аллоҳнинг ибодатига сарфлаган йигитдир. У билан Раҳмон Ўз фаришталарига: «Мана бу (йигит) Менинг ҳақиқий бандамдир», деб мақтанади» (Ибн Шаҳин «Ат-тарғиб фи фазоилил аъмол»да ривоят қилган).

Ҳадисларда келишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёш ва навқирон йигитлардан бўлган Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳудаги омонатдорликни, Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудаги илмни, Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг қироатини, Али розияллоҳу анҳунинг ҳукм чиқаришларини ва Тамим розияллоҳу анҳунинг умматга қилган хизматини алоҳида мақтаганлар.

Одамзод аччиқни тотмагунча шириннинг, мусибатни тотмагунча ҳаловатнинг, ғам-андуҳни тотмагунча шодликнинг қадрига етмайди. Шайх Саъдий ҳазратлари ажиб бир қиссаси баён этади:

«Бир подшоҳ ўзининг ажамий қули билан кемага чиқди. Бу қул илгари ҳеч денгиз сафарига чиқмагани сабабли кема ҳаракатлана бошлаганида бетоқат бўла бошлади. Бироздан сўнг бақириб, ўзини ҳар томонга ура бошлади. Подшоҳнинг таъби хира бўлиб, танг ҳолда қолди. Ҳеч ким қулни тинчлантира олмагач, бир донишманд подшоҳ ҳузурига келиб: «Рухсат берсангиз, мен уни хотиржам қилсам», деди. Хурсанд бўлган подшоҳ рухсат берди. Шунда донишманд кемадагиларга қулни сувга отиб юборишни буюрди. Сувга бир-икки чўкиб чиққанидан сўнг уни сочидан тортиб кемага яқинлаштирди. У икки қўли билан кемага осилиб олди. Бироздан сўнг қул кемага чиқарилиб, бир чеккага ўтқазиб қўйилди. У овоз чиқармас, жим бўлиб қолган эди. Подшоҳ бу ҳолатдан таажжубланиб донишманддан сўради:

– Бу нима ҳикматдир?

– Бу қул аввал сувда ғарқ бўлишдек машаққатни кўрмагани учун кемада соғ-саломат ўтириш қадрини билмаган эди. Энди эса унинг қадрига етди. Зеро, соғ-саломатлик қадрини, албатта, мусибат кўрганлар билади».

Демак, биз ҳар бир неъматнинг қадрини борида билишимиз, уни вақтида эъзозлашимиз керак. Шунда ҳар қандай кўнгилсизликларга барҳам берилади, қисса келтирилган ҳолат кузатилмайди.



Салоҳиддин ТАШАНОВ,

«Яккасарой» жоме масжиди имом-хатиби