Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
2022 йил 18 март куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан “Тиббиётдаги ислоҳотлар – инсон қадри учун” мавзусидаги очиқ мулоқоти доирасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек, ОИВ инфекциясини профилактика қилиш, унга ташхис қўйиш ва даволаш сифатини янада ошириш, аҳоли орасида ОИВ инфекциясини аниқлаш бўйича текширувлар қамровини ошириш, беморларга сифатли тиббий ва руҳий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, уларни зарур дори воситалари билан тўлиқ таъминлаш ҳамда ижтимоий ҳимоясини кучайтириш мақсадида:
1. Аҳоли орасида ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш самарадорлигини оширишга доир 2023-2027 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар дастури (кейинги ўринларда – Дастур) иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси томонидан 2030 йилга бориб ОИВ эпидемиясига барҳам бериш учун “95-95-95” стратегияси илгари сурилганлиги ва унинг доирасида ОИВ инфекциясини юқтириб олган шахсларнинг 95 фоизи ўз мақомини билишлари, махсус даволаш курслари билан қамраб олиниши, 95 фоизининг қонида вирус юкламаси аниқланмайдиган даражага тушиши кераклиги маълумот учун қабул қилинсин.
Мазкур стратегияга мувофиқ тадбирларни амалга ошириш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда 2023-2027 йилларда Давлат бюджети маблағлари, ОИТС, сил ва безгакка қарши курашиш бўйича Глобал жамғарма маблағлари, Осиё тараққиёт банки ҳамда Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкининг қарз маблағлари ҳисобидан аҳоли ўртасида ОИВ инфекциясини эрта аниқлаш, ташхислаш ва даволаш сифатини ошириш мақсадида тест-тизимлари ва ретровирусга қарши воситаларни харид қилиш, ОИТСга қарши кураш марказлари ва уларнинг туманлараро диагностика лабораторияларининг моддий-техника базасини ривожлантириш, мутахассисларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, кенг тарғибот ишларини ўтказиш, шунингдек, бошқа ташкилий тадбирлар учун 120 миллиард сўм ва 54 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар йўналтирилишини таъминласин.
2. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Иноятов):
а) 2027 йилда:
ОИВ инфекциясини юқтириб олган ҳамда ўз мақомини билган, махсус даволаш курслари билан қамраб олинган ва қонида вирус юкламаси аниқланмайдиган даражага тушган шахслар кўрсаткичи 95 фоизга етказилишини;
ОИВ инфекциясининг онадан болага юқишига барҳам берилишини таъминласин;
б) никоҳланувчи шахсларни ОИВ инфекцияси бўйича мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш жараёнини электрон тизим орқали амалга оширишни йўлга қўйиш мақсадида Адлия вазирлиги билан биргаликда 2023 йил 1 июнга қадар Тошкент шаҳри ва Сирдарё вилоятида, 2023 йил якунига қадар эса бошқа ҳудудларда “Электрон ҳукумат” тизимининг идоралараро интеграция платформаси орқали ФҲДЁ органлари ва тегишли тиббиёт муассасалари ўртасида электрон ҳамкорликни ташкил қилсин;
в) 2023 йил якунига қадар ОИВ инфекцияси аниқланган ҳолатлар мониторингини таъминлаш, реал вақт режимида препаратлар ва диагностикумларнинг ҳаракатланишини кузатиб бориш имконини берувчи электрон ахборот тизимини яратсин ҳамда ушбу тизимни Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Пенсия жамғармасининг электрон базалари билан интеграция қилиш орқали ўзаро ахборот алмашинувини йўлга қўйсин;
г) икки ой муддатда Ички ишлар вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Дин ишлари бўйича қўмита, манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамда жамоат ташкилотлари билан биргаликда ОИВ инфекциясига чалинган шахсларни ижтимоий, ҳуқуқий, маънавий ва тиббий-психологик қўллаб-қувватлаш, айниқса, ёшлар орасида ОИВ инфекцияси тарқалиши масалаларида кенг тушунтириш ва тарбиявий ишлар олиб бориш, жамиятда оилавий ва маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлашга доир идоралараро чора-тадбирлар дастурини тасдиқласин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда ҳудудлар кесимида 2023 йилга мўлжалланган ОИВга қарши курашиш тизимини кучайтиришга доир “йўл хариталари”нинг амалга оширилишини, 2024-2026 йилларда тегишли даврга мўлжалланган “йўл хариталари”нинг ишлаб чиқилишини таъминласин.
4. Вазирлар Маҳкамаси ҳар ярим йилда Дастурда белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш ҳолатини танқидий муҳокама қилсин ҳамда ўз вақтида ва тўлиқ бажарилмаган тадбирлар юзасидан масъул вазирлик ва идоралар раҳбарларига нисбатан тегишли чораларни кўрсин.
5. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда Дастурнинг амалга оширилиши учун зарур маблағларни назарда тутсин.
6. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда Дастурда белгиланган ОИВ инфекциясига доир долзарб масалалар бўйича мақолалар, телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришлар орқали аҳоли орасида ОИВ инфекциясига қарши курашишнинг аҳамияти мунтазам ва кенг ёритилишини таъминласин.
7. Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
8. Қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб соғлиқни сақлаш вазири А.Ш.Иноятов ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари белгилансин.
Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Л.Н.Туйчиев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2023 йил 20 январь