Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Одамларни мурожаат қилишга қандай муаммолар мажбур қилмоқда?
09:26 / 2021-09-16

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Бағдод туманидаги “Мурувват” маҳалла фуқаролар йиғинида аҳоли мурожаатлари бўйича сайёр қабул ўтказди.

Вилоят прокурори Бахтиёр Исмоилов, бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда шаҳар-туманлар ҳокимлари ўринбосарлари иштирокида 70 нафардан зиёд фуқароларни қийнаб келаётган муаммо ва масалалар тингланди, уларни ҳал этиш чоралари кўрилди.

Мамлакатимизда аҳоли мурожаатлари билан ишлашда янги тизимнинг ташкил этилгани жойларда муаммоларга ечим бўлмоқда. Раҳбарлар қўйи тизимга тушиб, одамларни мурожаат қилишга мажбур этаётган муаммоларни маҳалланинг ўзида бартараф қилиш чораларини кўрмоқда. Фарғона вилоятида ҳам ҳокимликларда кунлик қабулни йўлга қўйгани ўз самарасини бераётир. Асосийси, ҳеч бир мурожаат эътиборсиз қолмасдан ижобий ҳал этишга ҳаракат қилиняпти. Бу галги қабулда ҳам шаҳар-туманлардан келган фуқароларнинг аксарияти масаласи ечим топди.

Фарғона тумани Кончилар шаҳарчасида истиқомат қилувчи нуроний Ҳусанбой Асилов тиббиёт муассасаларида даволанишда муаммоларга дуч келаётганлигини, уни турли баҳоналар билан сарсон қилишаётганини маълум қилди. Ҳолат вилоят ҳокими томонидан назоратга олиниб, отахонни даволанишида кўмак кўрсатиладиган бўлди.

Фарғона туманидан келган Маҳфузахон Баҳриддинова, Севара Файзиматоваларнинг ҳам уй-жой масаласидаги муаммолари ижобий ҳал этилиши белгиланди. Бунда Баҳриддиновалар оиласига уй-жой учун банкка тўловнинг кечиккан 12,5 миллион сўмлик қисми ҳомийлик маблағлари ҳисобидан тўлаб бериладиган бўлди.

Фарғона шаҳридаги мослаштирилган ётоқхонада яшовчи 1-гуруҳ ногирони Гулбаҳор Нажмиддинованинг мурожаати жойнинг ўзида ечим топди. Унга Президентимиз эътибори тушган Бағдод туманидаги “Мурувват” маҳалла фуқаролар йиғинида қурилаётган 2 хонали уйлардан бири берилиши айтилди.

[gallery-3911]

- Мен жуда миннатдорман. Турмуш ўртоғим ва 2 нафар фарзандим билан энди шу ерда яшаймиз, - деган Гулбаҳор Нажмиддинованинг кўзларига севинч ёшлари тўлди.

Қабулда Омонжон Комиловнинг Ўзбекистон туманида қурилишини бошлаган хусусий спорт мактаби бинолари остидан ўтган газ қувурлари билан боғлиқ муаммоси ҳам ечим топди ва мутасаддиларга зарур топшириқлар берилди.

Фуқаро Бахтиёр Мирзаевнинг Фарғона шаҳри Сайлгоҳ кўчасида кўп қаватли турар-жойлар ҳовлисида болалар майдончаси ва спорт майдончаси ўрнида, мавжуд уйлардан атиги 6 метр масофада кўп қаватли бино қурилиши ишлари бораётгани юзасидан мурожаати ортидан ушбу қурилишни тўхтатиш бўйича кўрсатма берилди, вилоят прокуратураси ушбу қурилиш билан боғлиқ ҳужжатларни ўрганиб чиқиши белгиланди.

Кечгача давом этган қабул жараёнида фуқаролар иссиқхона қуриш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга кредит олиш, моддий кўмакка эга бўлиш, ишга жойлашиш, ўз фарзандларининг олий ўқув юртларида ўқишни давом эттиришлари учун шартнома тўловларига ёрдам олиш, электр таъминоти сифатини яхшилаш, бузилган уйлари ўрнига олишлари керак бўлган янги уйларга эга бўлиш жараёнларини тезлаштириб бериш, янги ўзлаштириладиган ерлардан жой олиш, иш билан таъминлаш, ҳудудларни ободонлаштириш каби турли масалаларда кўплаб мурожаатларни амалга оширдилар. Ҳар бир масалани диққат билан эшитган вилоят раҳбари уларга аниқ ечимларни айтди. Кўплаб фуқароларнинг мурожаатлари ечими жойида белгилаб берилгани йиғилганлар томонидан мамнуният билан қаршиланди.

Муддат талаб қилинадиган муаммолар ўрганилиб, чора-тадбирлар белгиланадиган бўлди. Ечими йўқ масалаларга ҳам аниқ жавоблар қайтарилди.

Афсуски, қабулда айрим юртдошларимизда боқимандалик кайфияти борлиги, гарчи ҳудуд масъуллари кўпдан кўп ёрдамлар берилаётганини айтаётган бўлса-да, бундан етарлича қаноат қилмаётганлик ҳолатлари ҳам кўзга ташланди. Уларга ҳам муаммолар аста-секин ҳал этилиб борилаётганлиги, инсон ўзи ҳам олдинга интилиши, ҳаракат қилиши зарурлиги юзасидан тушунтиришлар берилди.

М. Сулаймонов, М. Қодиров олган (сурат),ЎзА