Одамлари уй қуришдан олдин иссиқхона қурадиган маҳалла
Юртимизда томорқадан унумли фойдаланиш, ҳар бир ҳудудни маълум бир турдаги маҳсулот етиштиришга ихтисослаштириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Юртимизда томорқадан унумли фойдаланиш, ҳар бир ҳудудни маълум бир турдаги маҳсулот етиштиришга ихтисослаштириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Бошқа ҳудудларда энди қўлланилаётган бу тажриба Самарқанд вилояти Пахтачи туманининг Қувондиқ маҳалласида бир неча йилдан буён қўлланилади. Маҳалла аҳлининг асосий қисми томорқасида иссиқхона ташкил қилиб, помидор, бодринг, кўкат етиштириш билан шуғулланади.
– Ёшим элликдан ошди, эсимни танибманки маҳалламиз аҳолиси иссиқхонада маҳсулот етиштириб рўзғор тебратади, – дейди “Қувондик” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Бердилла Эгамбердиев. – Тўғри, эски иссиқхоналарни бугунгилари билан солиштириб бўлмайди. Ота-боболаримиз ўз даври имкониятидан келиб чиқиб томорқадан даромад олган. Бугун эса имконият катта. Маҳалламиздаги 543 та хонадонда 776 та оила яшайди. 3200 нафардан кўпроқ аҳолимиз бор, лекин ҳудудда завод, фабрикалар йўқ. Аҳолининг асосий даромад манбаи томорқа. Деярли ҳар бир хонадонда иссиқхона ташкил қилинган. Бу маҳаллада яшамоқчи бўлган одам, албатта, томорқасида иссиқхона қуриши керак. Чунки, икки киши учрашдими, фақат иссиқхона, унда етиштирилаётган маҳсулот ҳақида суҳбат қуради. Иссиқхонаси бўлмаган одам маҳаллага, суҳбатга қўшила олмайди-да.
Маҳалла раисининг сўзларида жон бор. Кузатувларимиз давомида ҳар бир хонадонда иссиқхонага мавжудлигига гувоҳ бўлдик. Бошқа ҳудудлардаги иссиқхоналардан фарқи – Қувондиқда иссиқхоналар ҳеч қандай ёнилғи билан иситилмайди. Табиий иссиқлик асосида маҳсулот етиштирилади. Шу боис, маҳаллада маҳсулот етиштиришда ўзига хос ёндашув бор.
–Маҳалламиз аҳлининг бор даромади иссиқхонадан, – дейди Ҳомид ака Қаландаров. – Тўйларимиз ҳам, уйларимиз ҳам пешона теримиз билан топилган даромад эвазига бўлади. Шунданми, одамлар орасида ҳаётидан нолийдиганлар учрамайди. Меҳнат қилган одам роҳатини кўради. Ҳар йили томорқамда ташкил қилган иссиқхонамда икки марта кўкат, бир марта помидор ва бодринг етиштираман. Хуллас, йил давомида ер бўш турмайди, ўзимиз ҳам тинмаймиз. Айни пайтда 10 сотих ерда бодринг, 5 сотихда помидор етиштиряпмиз. Бу йилги ҳосилдан 70 миллион сўм атрофида даромад қилишни мўлжаллаб турибмиз. Насиб этса, даромадимиздан тўнғич ўғлимга уй қурамиз.
Қувондиқликларнинг ажойиб одати бор экан. Янги оилага аталган томорқа ерга уй қуришдан олдин иссиқхона қуриб, ёш оилага асосий даромад манбаи ташкил қилинар экан. Маҳалланинг ёши улуғлари таъкидлашича, бу ердаги оилаларда иқтисодий, маиший-турмуш масалаларида ҳеч қандай муаммо юзага келмас экан. Чунки, оила аъзоларининг ҳаммаси иш билан банд, доимий даромад манбаига эга. Ортиқча вақт бўлмаганидан кейин ўринсиз баҳс-мунозара ҳам бўлмайди-да. Қўли ишламаган одамнинг тили кўп ишлаши оқибатида оилада турли гап-сўзлар юзага келади-да, дейишади қувондиқликлар.
– Маҳалламиз анъанасига мувофиқ, томорқа еримизда дастлаб иссиқхона қуриш учун “Микрокредитбанк” Зиёвуддин филиалидан 30 миллион сўм кредит олдик, – дейди ёш оила соҳиби Диёр Қўлдошев. – 4,5 сотих ерда иссиқхона ташкил қилиб, бугун бодринг етиштиряпмиз. Кўриб турганингиздек, яқин кунларда дастлабки ҳосилни бозорга чиқарамиз. Меҳнат қилган одам роҳатини кўради, деган гап рост экан. Эккан ниҳолларимиз ривожланиб, ҳосили кўзга ташланган сари кишининг кўзи қувнаб, роҳат оларкан.
Маҳалла раисининг таъкидлашича, аҳоли томонидан етиштирилаётган маҳсулотлар нафақат туман, вилоят, балки қўшни вилоятлар, ҳатто Қозоғистонгача етиб боради. Мавсум давомида маҳалладан кунига 15-20 тоннагача помидор, бодринг савдога чиқарилади. Айни пайтдаги асосий муаммо маҳсулотни харидорга етказиш масаласи билан боғлиқ. Бу ҳам вилоят ҳокими билан бўлган мулоқотда кўриб чиқилган. Вилоят ҳокими маҳалла ҳудудида тўплаш ва экспортга йўналтириш учун махсус марказ ташкил этишда кўмак берилишини маълум қилган.