Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Одамлар муаммолари тингланди, айримлари жойида ҳал этилди
17:05 / 2026-03-02

Жиззах вилояти ҳокимининг шахсий қабули — оддий тадбир эмас, балки раҳбар масъулияти, халқ ишончи ва давлат сиёсатида инсон қадри устувор эканининг амалий ифодаси бўлди.

Вилоят ҳокими Улуғбек Мустафоев томонидан ўтказилган оммавий-шахсий қабул ўн икки соатдан зиёд давом этди. Шу вақт ичида 200 дан ортиқ фуқаронинг дарди тингланди, таклиф ва мулоҳазалари эшитилди, тақдирларига дахлдор масалалар муҳокама этилди.

Юртимизда “Инсон қадри учун” деган эзгу тамойил давлат сиёсати даражасига кўтарилгани бежиз эмас. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак. Яна бир фикрларида: “Одамларни рози қилиш — барча даражадаги раҳбарларнинг биринчи галдаги вазифасидир” дея алоҳида урғу берадилар. Жиззахдаги қабул ана шу юксак талабнинг амалий тасдиғи бўлди.

Қабулда кўтарилган масалалар турлича — ижтимоий ёрдам, уй-жой, соғлиқни сақлаш, бандлик, коммунал хизматлар ва бошқа долзарб муаммолар. Ҳар бир мурожаат ортида бир оиланинг умиди, бир инсоннинг изтироби, бир фарзанднинг келажаги тургани аниқ. Шу боис масалаларнинг аксарияти жойида ҳал этилди. Қўшимча ўрганиш талаб қиладиган мурожаатлар юзасидан масъулларга  топшириқлар берилиб, ижроси қатъий назоратга олинди.

Эътиборли жиҳат шундаки, қонунчиликка зид талабларга ҳам очиқ-ошкора, ҳуқуқий тушунтириш берилди. Ҳар бир қарор адолат ва қонун устуворлиги мезони асосида қабул қилинди. Зеро, халқ дардини тинглаш — муаммони шунчаки эшитиш эмас, балки уни ҳуқуқий, тизимли ва барқарор ҳал этиш демакдир.

Бундай қабуллар аҳолининг идорама-идора сарсон бўлиб юришининг олдини олади. Энг муҳими, фуқаро ўз муаммоси билан ёлғиз эмаслигини, уни эшитадиган ва ечим топадиган масъуллар борлигини ҳис этади. Бу эса жамиятда эртанги кунга ишонч муҳитини янада мустаҳкамлайди.

Президентимиз айтганларидек: Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатларини таъминлаш — барқарор тараққиёт гаровидир. Демак, катта-кичик ҳар бир раҳбар учун халқ дардига қулоқ тутиш нафақат хизмат бурчи, балки виждон амридир.

Жиззахдаги ўн икки соатлик қабул шу маънода масъулият, сабр ва садоқат синовига айланди. Энг муҳими, бу мулоқотлар орқали одамлар қалбига йўл топилди. Зеро, халқ розилиги бор жойда барака, ишонч ва тараққиёт бўлади.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари