Одамлар эртага эмас, бугун яхши яшаши керак!
Халқимиз шу кунларда Ватанимиз Мустақиллигининг 29 йиллигини «Сен қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!» шиори остида кенг нишонламоқда.
Халқимиз шу кунларда Ватанимиз Мустақиллигининг 29 йиллигини «Сен қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!» шиори остида кенг нишонламоқда.
Мустақиллик халқимиз учун ўз тақдирининг ҳақиқий эгаси бўлиш, қадр-қимматини англаб, юртимизда фуқаролик жамиятига асосланган ҳуқуқий демократик давлат барпо қилиш имкониятини яратди.
Истиқлол кўҳна тарихимиз, бой маданий меросимиз, муқаддас динимиз, урф-одат ва миллий қадриятларимизни тиклади, халқимиз қонига сингиб кетган меҳр-оқибат, бағрикенглик, саховат каби олижаноб фазилатлар, Ватан тақдирига дахлдорлик туйғусини яна қайтадан жонлантирди.
Бугун Янги Ўзбекистон тараққиётнинг энг муҳим ва масъулиятли босқичига қадам қўйди. Халқ фаровонлигини ошириш, мамлакатимизни ривожланган давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш мақсадида барча соҳаларда кенг кўламли изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак» тамойили ислоҳотларимизнинг бош мезонига айланди ва бунда халқ сайлаган депутатларга ҳам катта масъулият ва ишонч билдирилмоқда.
Бугун депутат учун бўйинбоғни ечиб, ҳақиқий ишлайдиган замон келди. Энди одамларни аввалгидек қуруқ ваъдалар билан ишонтириб бўлмайди. Уларнинг дунёқараши, фикри ўзгарди. Муаммо ва камчиликлари ҳақида очиқ-ошкора гапиришни, ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилишни ўрганди. Албатта, одамларни рози қилиш осон эмас. Лекин ҳаракат қилинса, фидойилик кўрсатилса, мақсадига етилади.
Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек тумани «Чимён» сайлов округимда уйма-уй юриб, сайловчиларим билан мунтазам ҳамсуҳбат бўлиб шунга амин бўлдимки, одамларни рози қилиш учун тоғни талқон қилиш шарт эмас. Энг яқин қариндошингизникига бораётгандек ёруғ юз билан сайловчингизнинг эшигини тақиллатинг. Қўлингизни кўксингизга қўйиб, «Қандай яшаяпсиз, соғликларингиз яхшими, нима муаммонгиз бор, биздан қандай ёрдам керак?» деган сўзлар билан аввало уларнинг кўнгилни кўтариш лозим. Шу оддий далданинг ўзи уларга куч-қувват беради, яшашга бўлган умидини оширади. Сўнгра дардини эшитиб, муаммосига қулоқ тутинг, уларни иложи бўлса шу ерининг ўзида ёки ваколатингиз доирасида ҳал қилсангиз бўлгани.
«Чимён» сайлов округимда бугун 6281 нафар фуқаро истиқомат қилади. Маҳаллада 92 нафар ногирон рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг ҳолидан мунтазам хабар олиб турибмиз. Сурункали касали бор беморлар, қарияларни вақти-вақти билан кўрикдан ўтказиши, даволаниши, сиҳатгоҳларда дам олиши, умуман, маҳалла фаоллари билан бамаслаҳат уларга қандай ёрдам зарур бўлса, барчасини бажаришга ҳаракат қиляпмиз.
Маҳалламизда 42 нафар ишсиз рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг 31 нафарини аёллар ташкил қилади. Қўлида ҳунари бўлмаган аёллар Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг «Хизмат – беминнат» лойиҳаси доирасида бепул ҳунар ўргатиш курсларига жалб қилиб келинмоқда. Яқинда карантини сабаб, доимий иш жойини йўқотган 17 фуқаро бандлиги таъминланди. «Темир дафтар»да 115 фуқаро рўйхатга олинган. Уларни ишлаб, даромад топиши, тадбиркорликка ўргатиш чоралари кўрилмоқда.
«Чимён»ни жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликдан холи маҳаллага айлантириш мақсадида профилактика нозирлари билан ҳаракатлар дастури ишлаб чиқилган. Ўтган олти ой давомида маҳалламизда 13 та маъмурий ҳуқуқбузарлик ва 3 та жиноят содир этилди. Албатта, жиноятнинг биттаси ҳам кўп, шу боис, тарғибот-ташвиқот ишларини бирпасга ҳам тўхтатиб бўлмайди. Бутун дунёни ташвишга солган пандемия пайтида ҳам аҳоли мурожаатлари билан ишлашни тўхтамадик. Сайловчилар билан масофадан туриб мулоқот қилдик.
Депутат ўз сайловчилари олдида масъул ва уларнинг мурожаатларини эшитиб, муаммоларини ҳал қилишга мажбур. Шу маънода, сайловчиларни қуруқ ваъдалар билан эмас, амалий ишларимиз билан хурсанд қилайлик. Одамлар эртага эмас, бугун яхши яшаши керак!
Жаҳонгир ЗИЯЕВ,
Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси депутати