Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Одамлар бугун кечагидан, эртага бугунгидан яхшироқ яшашни истайди
14:16 / 2022-10-24

Одамлар ишончини оқлаган жамият ривожланади. Жамиятнинг тараққиёти аҳолининг эртага бугундан яхши яшашга бўлган интилишларини кучайтиради. Эзгу орзулар билан янги ғояларни илгари суради. Ишонч ва умид, осуда ва обод турмуш инсоннинг бугунги ҳаётидан рози бўлиб яшашида муҳим ўрин тутади.

Президентимиз ташаббуси билан фуқаролар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлайдиган тамомила янги тизим яратилиб, халқ билан очиқ мулоқот қилиш кенг йўлга қўйилгани мамлакатимизда барпо этилаётган адолатли демократик давлатнинг пойдевори жуда мустаҳкам эканини кенг намоён этмоқда. Жойлардаги Халқ қабулхоналари эса халқимизнинг дарду-ташвишларини очиқ ифода этадиган ишончли минбар сифатида кўзга ташланмоқда. 

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 17 январдаги “Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишлар натижадорлигини оширишда муҳим дастуриламал бўлаётир. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Сурхондарё вилоятидаги Халқ қабулхоналари ҳам мазкур фармон ижроси доирасида ҳудудлардаги секторлар, ташкилот ҳамда идоралар раҳбарларининг фаолияти, мурожаатлар билан ишлаш аҳволини мунтазам ўрганиб, умумлаштирмоқда. Вилоят секторлари, жойлардаги маҳаллий ҳокимият, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамкорлигида муайян ишларни амалга ошириб, мурожаатларни чуқур таҳлил қилмоқда. Жумладан, йилнинг ўтган даврида Президентимизнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналарига Сурхондарё вилоятидан 119 минг 954 та мурожаат келиб тушган. Уларни ҳудудлар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, энг кўп мурожаат Денов туманига 15 минг, Термиз шаҳрида 10 минг 700, Қумқўрғон туманига 10 минг 300, Шўрчи туманига 10 минг 200 тани ташкил этган. Мазкур мурожаатлар ҳудудларда яшовчи ҳар ўн минг аҳолига нисбатан кўриб чиқилганда Бойсун туманига 579, Термиз шаҳрига 568, Термиз туманига 567 ва Музработ туманига 483 тадан тўғри келиб, бу йўналишдаги ҳақиқий аҳволни ойдинлаштирди.

Мурожаатларни ижобий ҳал этиш даражаси  вилоят бўйича 39 фоизни ташкил этган бир пайтда Термиз шаҳрида 30, Денов туманида 36, Термиз, Сариосиё туманларининг ҳар бирида 37, Узунда 38,  Қизириқ, Шўрчи ва Ангор туманларида 39 фоиз бажарилди. 

Таҳлилларга кўра, вилоятдаги мурожаатларнинг 53,5 фоизини хотин-қизлар, 46,4 фоизини эркаклар йўллаган бўлса, 1 минг 318 та мурожаат жамоавий шаклда юборилган. 

Вилоятда секторлар раҳбарларининг халқ билан очиқ мулоқот қилишига алоҳида эътибор қаратилаётгани аҳолини рози қилиш, улар ўртага ташлаётган муаммоларнинг ечимини топишда ўз самарасини бермоқда. Масалан, йилнинг ўтган даврида вилоят секторлар раҳбарлари ҳудудларда 98 та сайёр қабул ўтказиб, олти мингдан ортиқ фуқаронинг мурожаатини тинглади.  Туман ва шаҳар сектор раҳбарлари ўтказган 2  минг 98 та сайёр қабулда 15 мингдан ортиқ фуқаро мурожаат этди. Бу борада олиб борилаётган ишлар воҳада мурожаатлар сонини 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 17 минг 500 тага ёки 13 фоизга камайтирди. Хусусан, биргина август ойининг ўзида Сурхондарё вилояти ҳокими раҳбарлигида вилоят секторлар раҳбарлари, Сурхондарё вилояти Халқ қабулхонаси, вилоят идора ва ташкилотлари Денов, Қумқўрғон, Бандихон, Қизириқ, Ангор, Шеробод, Узун, Шўрчи туманлари ва Термиз шаҳрида 9 та оммавий сайёр қабул ўтказди.

Хўш, бундай очиқ мулоқотларда ўртага ташланаётган масалаларнинг ечими қандай бўлмоқда? Оммавий сайёр қабуллардан халқимиз рози бўляптими? 

Бу ҳақида сўз юритилар экан, айтиш керакки, шу кунгача мурожаатчиларнинг 4 минг  500 нафарига мажбурий ижро, алимент ва қарз суммаларини ундириш, 5 минг 628 нафарини иш билан таъминлаш, 2 минг 275 нафарининг газ, 2 минг 50 нафарининг электр таъминоти, 1 минг 860 нафарининг ижтимоий нафақалар масаласи ечиб берилди. 1 минг 606 нафарининг кредит олиш, 1 минг 223 нафарнинг ижтимоий таъминот ва ижтимоий ҳимоя, 1 минг 160 нафарининг ичимлик сув, 1 минг 188 нафарининг йўл инфратузилмаси, 1 минг 86 нафарининг даволаниш ва дори-дармон, 883 нафарининг таълим масалаларига оид мурожаатлари ижобий ҳал этилди. 

Халқ билан барча даражадаги раҳбарлар ўртасида ўзаро мулоқот кўприги вазифасини ишончли бажараётган оммавий қабуллар воҳада аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини ўрганиб, ҳаётий муҳим бу масаланинг ечимини топишда ҳам ўз самарасини бераётир. Бу жараёнда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг турар-жой масаласини ҳал этишга алоҳида аҳамият берилмоқда. Ангор туманида ижтимоий ҳимояга муҳтож ногиронлиги бор 7 нафар хотин-қизнинг турар-жойга бўлган эҳтиёжини қоплаш учун 700 миллион сўм маблағ ажратилиб, туманнинг Шарқ гули маҳалласида янги уй-жойлар қуриб, фойдаланишга топширилди. 

Қизириқ туманида 35 нафар хотин-қизни ижтимоий уйларга жойлаштириш учун Работак маҳалласи Гулзор кўчасида жойлашган бинони сотиб олиб, таъмирлаш, Қизириқ тумани ҳокимлиги балансига ўтказиб, ижтимоий уй сифатида фойдаланишга 800 миллион сўм маблағ йўналтирилди. Ҳозир бинода таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Ангор туманидаги Қадимий Ангор маҳалласи Узумзор кўчасида яшайдиган чин етим А.Хўшбоқова, Ш.Хўшбоқова, М. Хўшбоқоваларнинг уй-жой қуриши учун 100 миллион сўм маблағ ажратиб берилди. 

Сариосиё тумани Афросиёб маҳалласида жойлашган ҳарбий қисмдан бўшаган ётоқхона 700 миллион сўм эвазига қайта таъмирланмоқда. Уни ижтимоий уйга айлантириб, 30 нафар уй-жойга муҳтож хотин-қизни жойлаштириш режалаштирилган. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Вилоятда жорий йилнинг охиригача 168 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар уй билан таъминланади. Шунингдек, 140 нафарини ипотека кредити асосида уй-жой билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда. 

Халқ қабулхоналарига ва сайёр қабулларда ногиронлиги бўлган, ижтимоий ҳимояга муҳтож 170 нафар хотин-қизнинг уй-жой билан таъминлаш, яшаш уйини таъмирлаб бериш ҳамда кредит қарздорлигини сўндиришда ёрдам сўраб қилган мурожаати асосида улар дуч келган муаммони бартараф этиш учун 1 миллиард 555 миллион сўм  маблағ ажратилди.

Ҳа, бугунги она диёримиз кечаги мамлакатимиздан тубдан фарқ қилмоқда. Юксакликка интилиши ҳам, қиёфаси, одамларнинг турмуши ва кўзлаган мақсадлари ҳам ўзгарди. Бундай янгиланишлар халқимизнинг онгу-шуурини ҳам ўзгартирди. Одамлар бугун кечагидан, эртага бугунгидан яхшироқ яшаши учун шароит бўлишини истамоқда. Хусусан, вилоятда шундай қишлоқлар борки, собиқ тузум даврида ҳам, мустақиллик йилларида ҳам аҳоли тупроқли кўчаларда борига қаноат қилиб яшаган. Лекин, мамлакатимизда халқ билан очиқ мулоқот қилиш тизими яратилгач, фуқаролар раҳбарлар олдига “қишда лой, ёзда чанг кўчаларимизни таъмирлаб беринг”, дея талаб қўймоқда. Халқимизнинг бу каби талаб ва эҳтиёжларини қондириш учун вилоятда секторлар, Халқ қабулхоналари, алоқадор ташкилотлар ҳамкорлигида йилнинг 9 ойида ҳашар йўли билан 1 минг 189 километрдан ортиқ тупроқли йўл шағал ётқизилди. Айни пайтда ҳам давом этаётган бу ишлар орқали ички йўлларни таъмирлаш билан боғлиқ мурожаатлар сонини камайтиришга, одамларнинг турмушидан розилигига эришилмоқда.

Тўғри, вилоятда ҳали мурожаатлар билан ишлашда барча мутасаддилар бирдек ижро интизомига қатьий риоя этмоқда, деб айтолмаймиз. Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш, секторлар, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг уйма-уй юриш, мурожаатлар билан ишлаш, ижтимоий ва бошқа объектларда аниқланган муаммоларни ҳал этиш борасидаги фаолиятлари ўрганилаётир. Натижалари таҳлил қилиниб, тегишли чоралар кўрилмоқда. Йилнинг ўтган даврида Сурхондарё вилоятидаги Халқ қабулхоналари давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда хўжалик бирлашмаларига 186 марта тақдимнома, 208 та таклиф киритди. 189 нафар масъул ходим жавобгарликка тортилди. Уларнинг 110 нафари огоҳлантирилиб, 55 нафарига ҳайфсан берилди. 11 нафарининг ойлик иш ҳақига жарима белгиланди. 8 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилиб, 5 нафарига маъмурий жазо қўлланилди. 

Буларнинг барчаси Янги Ўзбекистонда инсон манфаатларини таъминлаб, ёшу кексанинг бирдек қадрига етиш ва халқимизнинг муносиб турмуш кечиришига эришиш йўлида олиб борилаётган эзгу ишларнинг амалдаги ифодасидир. 

Абдулҳаким Эшмуратов, 

Ўзбекистон Республикаси 

Президентининг Сурхондарё вилоятидаги 

Халқ қабулхонаси мудири

ЎзА