Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Одамийликнинг энг олий мезони
18:10 / 2019-12-09

Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида “Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир” мавзусида хайрия тадбири ўтказилди.


Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида “Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир” мавзусида хайрия тадбири ўтказилди.

Маҳалла ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, аҳоли билан мулоқот ўтказиш, уларни қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этишга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган тадбирда шаҳарнинг “Наврўз-1”, “Қорабоғ”, “Боғи сурх”, “Чотқол”, “Намуна”, “Қатағон”, “Гулзор” ва “Майдон” маҳаллалар аҳолиси иштирок этди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент вилоятидаги Халқ қабулхонаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ва шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган хайрия тадбири аввалида аҳолининг сайлов қонунчилиги бўйича хабардорлигини оширишга қаратилган амалий семинар ўтказилди.

Шаҳарнинг “Наврўз-1” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган амалий мулоқотда Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчилари томонидан маҳалла раислари, масъул котиб ва жамоатчилик вакилларига сайлов қонунчилиги бўйича атрофлича маълумот берилди.

Тадбир иштирокчилари учун шунингдек, ис газидан заҳарланишнинг олдини олишга қаратилган ўқув семинари ҳам ўтказилиб, соҳа мутахассислари томонидан ис гази билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, бу борада маҳаллаларда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб бориш юзасидан зарур тавсиялар берилди.

Хайрия тадбири доирасида, шунингдек, 5 та фуқаролар йиғини аҳолиси учун сайёр қабул ўтказилди. Аҳоли билан бевосита, очиқ мулоқотда 50 нафарга яқин фуқаронинг муаммоси тингланиб, 22 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилди. Қолган муаммоларни бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланди. Фуқаролар йиғинлари раисларининг ички йўлларни таъмирлаш, носоз симёғочларни алмаштириш бўйича мурожаатларини ҳал этиш бўйича мутасаддиларга топшириқ берилиб, ижроси назоратга олинди.

Бўш иш ўринлари ярмаркасида 100 нафардан зиёд иштирокчиларга ишга жойлашиш юзасидан зарур тушунтириш, 12 нафарига эса ишга жойлашиш учун йўлланма берилди.

Малакали, тор доирадаги мутахассислар иштирокида ташкил этилган тиббий кўрикда қарийб 300 нафар фуқаро бепул тиббий кўрикдан ўтказилди. Тиббий кўрик натижасига кўра, бир нафар фуқаро (2-гуруҳ ногирони)га вилоят касалхонаси, бир нафарига Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази, болаликдан юрак етишмовчилиги бўлган яна 1 нафарига Тошкент санитария-педиатрия институтига даволаниш учун ордер берилди. Яна 3 нафарига ордер ажратилиши бўйича муддат белгиланди. Иштирокчиларга “Дори-дармон” акционерлик компанияси ва “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди томонидан 131 миллион сўмлик бепул дори-дармон ва гигиеник воситалар тарқатилди.

Шунингдек, хомийлар маблағи ҳисобидан 36 та оилага 25 тонна кўмир, 4 нафар эҳтиёжманд оила вакилига республика маҳаллалар кенгаши томонидан ногиронлик аравачаси берилди.

Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус доирасида республика маҳаллалар кенгаши томонидан Ангрен шаҳридаги 25-умумтаълим мактабида 300 та ўзбек ва жаҳон адабиётининг дурдона асарларидан иборат кутубхона ташкил қилинди.