Заҳматкаш академик Азизхон Қаюмов наинки олимлик, балки одамийликда ҳам ибратли инсон эди.
Ўзбекистон Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти, Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди ҳамкорлигида ташкил этилган "Академик Азизхон Қаюмов ҳамда мумтоз адабиётшунослик" мавзусидаги халқаро конференцияда айни жиҳатларга ҳам эътибор қаратилди.
Маълумки, улуғ аллома бобомиз Алишер Навоий меросини ўрганиш тадқиқотчилардан катта билим, тафаккур, қунт ва сабот, жонфидоликни талаб этади. Навоийшунослик фани дарғаси Азизхон Қаюмов ана шундай фидойи олимлардан бири эди. Мамлакатимизда буюк мутафаккир ижодини ўрганиш айнан Азизхон домланинг заҳматли фаолияти, илмий изланишлари билан ҳам чамбарчас боғлиқдир.
Президентимизнинг 2020 йил 19 октябрдаги "Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори бўйича аллома меросини пухта ўрганиш борасидаги эзгу ишлар жараёнида Азизхон Қаюмовнинг навоийшуносликка оид илмий-тадқиқотлари янада долзарб аҳамият касб этмоқда.
Манбаларга кўра, домла узоқ йиллар Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтида, Тошкент давлат маданият институти, Ўзбекистон Фанлар академияси Қўлёзмалар институти, Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейида самарали фаолият кўрсатган.
Домла ҳаёт бўлганларида муборак 95 ёшни қаршилаган бўларди. Заҳматкаш олимнинг миллий сўз санъатимиз тарихини ўрганиш борасидаги илмий изланишлари, ўн жилдлик “Танланган асарлар” тўплами, шунингдек, “Навоийга таъзим”, “Алишер Навоий”, “Дилкушо такрорлар – руҳафзо ашъорлар”, “Аҳмад Фарғоний” каби кўплаб сермазмун асарлари адабиёт мухлислари, ёш тадқиқотчилар томонидан ҳамон катта қизиқиш билан ўрганилади.
Устознинг фидокорона меҳнатлари мустақил юртимизда юксак қадрланди. Домла Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби фахрий унвони, “Эл-юрт ҳурмати”, “Буюк хизматлари учун” орденлари билан мукофотланган.
Анжуманда навоийшунослик бўйича Азизхон Қаюмов қолдирган мактаб ва анъаналар, устоз тадқиқотчининг сермашаққат фаолияти хусусида батафсил сўз юритилди.
Н.Усмонова, ЎзА