Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Одам савдосига қарши курашишда технологиялардан қандай фойдаланиш керак?
14:22 / 2026-02-12

Тошкент шаҳрида “Ўзбекистонда технологиялардан фойдаланган ҳолда одам савдосига қарши курашиш” мавзусида тренинг ўз ишини бошлади.

Мазкур тадбир Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия томонидан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси, миллий комиссия аъзоси Алишер Аъзамхўжаев, ЕХҲТнинг одам савдосига қарши курашиш бўйича махсус вакили ва координатори Кэри Жонстон, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори Антти Карттунен, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Олий суд, Рақамли технологиялар вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Болалар омбудсмани вакиллари иштирок этган тадбирда технологиялар ёрдамида одам савдосини барвақт аниқлаш масаласига эътибор қаратилди. 

Онлайн таҳдидларни таҳлил қилиш ва амалиётга йўналтирилган замонавий кўникмаларни шакллантириш диққат марказида бўлди. Сўзга чиққанлар одам савдосига оид жиноятлар онлайн муҳит, виртуал платформа ва ижтимоий тармоқлар орқали содир этилиши ҳолатлари ортиб бораётганига эътибор қаратди.

Халқаро можаролар, иқтисодий беқарорлик ва мажбурий миграция жараёнлари одам савдоси хавфини кучайтирмоқда. Айниқса, аёллар, болалар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари ушбу жиноятнинг асосий нишонларидан бири бўлиб қолмоқда.

Одам савдосининг турли босқичларида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш, даркнет ва рақамли молиявий инструментлар билан боғлиқ хавфлар, хавфи юқори бўлган онлайн платформаларни аниқлаш ва хариталаш, болаларга нисбатан онлайн эксплуатация ҳолатларини тергов қилиш масалалари бўйича машғулотлар ташкил этилмоқда.

Машғулотлар интерактив форматда, амалий кейслар ва симуляцион машқлар асосида олиб борилаётир. Шунингдек, мураббийлар тайёрлаш форматида ўқитиш методикалари, модулларни таълим жараёнига интеграция қилиш ва замонавий педагогик ёндашувлар бўйича ҳам алоҳида сессиялар ўтказилади.

Н.Абдураимова, ЎзА