Одам савдоси бугунги куннинг энг катта муаммоларидан биридир. У инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларига тажовуз қилади. Бу турдаги жиноятлар нафақат ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражаси паст бўлган, балки бой ва ривожланган давлатларда ҳам учраши ушбу муаммо глобал миқёсида нақадар кенг тарқалганини кўрсатади.
Халқаро миграция ташкилоти (International Organization for Migration) маълумотларига кўра, дунёда ҳар йили тахминан 50 миллион катта ёшдаги киши ва 3 миллион бола яширин одам савдосининг қурбонига айланмоқда. Натижада, хотин-қизлар, болалар, мигрантлар, ишсизлар ва аҳолининг ижтимоий заиф қатламлари қуллик, инсон ички аъзоларининг савдоси, жиноий фаолиятга жалб қилиш, мажбурий тиланчилик каби даҳшатли эксплуатация турларига дучор бўлмоқда. Бу иллатнинг кўлами унга қарши курашишда тизимли ва фанлараро ёндашув заруратини туғдиради.
Одам савдосига қарши курашиш барча ҳокимият идоралари, халқаро тузилмалар, фуқаролик жамияти институтлари ва, энг муҳими, сиёсий партияларнинг биргаликда ишлашини талаб қилади. Бу фақат хавфсизлик масаласи эмас, балки демократик давлатнинг етуклик даражасини ҳам кўрсатади. Шу маънода, мамлакатимиз, шу жумладан, БМТнинг Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш конвенциясини тўлдирган Одам савдосининг, айниқса аёллар ва болалар савдосининг олдини олиш ҳамда унга чек қўйиш ва унинг учун жазолаш ҳақидаги Протокол доирасида қабул қилган халқаро мажбуриятларни бажариши жуда муҳимдир.
Миграция йўналишлари чорраҳасида жойлашган давлат сифатида Ўзбекистон сўнгги ўн йилликларда одам савдосининг хавфига дуч келмоқда. Бунда, хотин-қизлар ва ёшлар, шу жумладан, иш топиш мақсадида чет элга кетаётган мигрантлар, айниқса заифдир. Ҳуқуқий хабардорликнинг етишмаслиги, хориждаги ҳуқуқий ҳимоя етарли даражада эмаслиги, иқтисодий қийинчиликлар ва ижтимоий уюшмаганлик жиноий тармоқлар фаолияти учун қулай муҳит яратмоқда.
Ўзбекистонда “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган. Мазкур ҳужжат бир неча бор қўшимча моддалар билан тўлдирилиб, такомиллаштирилган. 2019 йили Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси ташкил этилгани мазкур муаммога қарши курашни институционализация қилишда муҳим қадам бўлди. Комиссия бошчилигида вазият мониторинги олиб борилади, давлат органларининг фаолияти мувофиқлаштирилади, профилактика ва жабрланувчиларни реабилитация қилиш дастурлари амалга оширилади.
Ахборот технологиялари жадал ривожланаётган бугунги даврда одам савдосига қарши курашиш тобора мураккаблашиб бормоқда. Хусусан, онлайн эксплуатация, «даркнет»да яширин реклама ва бошқа омиллар туфайли янги таҳдидлар юзага келмоқда. Бу эса қонунчиликни мослаштириш, аҳолининг рақамли саводхонлигини ошириш ва сиёсий тузилмаларнинг фаол бўлишини талаб этади.
Одам савдоси ва мажбурий меҳнатдан жабрланган шахсларга ёрдам кўрсатиш маркази фаолиятининг йўлга қўйилиши ҳам муҳим ютуқлардан бири бўлди. Бу марказда тиббий, ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатилади, жабрланувчиларни ижтимоий мослаштириш ишлари олиб борилади. Шунингдек, Халқаро миграция ташкилоти, ЮНИСЕФ, БМТнинг Тараққиёт дастури, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Европа Иттифоқи каби халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташкил топганидан буён ижтимоий адолат, инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини таъминлаш учун курашади. Одам савдосига қарши курашиш партиямиз ғояси ва фаолиятининг ажралмас қисмидир. Аҳолининг заиф қатламларини ҳимоя қилиш, тенглик, инсонийлик ва ҳуқуқий давлат қуриш ғояларини илгари суриш — партиямиз фаолиятининг устувор йўналишларидан.
Партиямиз меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш жараёнида ҳам фаол иштирок этиб, ҳуқуқий амалиётни мониторинг қилиб бормоқда, ёшлар, хотин-қизлар ва ижтимоий соҳада меҳнат қилаётган ходимлар ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини ташкил этмоқда.
30 июль – Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни муносабати билан айни пайтда “Адолат” партияси “Биз одам савдосига қаршимиз!” шиори остида ҳуқуқий ва ахборот-маърифий акцияга қўл уриб, июль ойини кенг кщламли ҳуқуқий тарғибот ойи деб эълон қилди.
Мазкур ташаббуснинг мақсади одам савдосининг кўлами ва шакллари тўғрисида жамоатчилик хабардорлигини ошириш, фуқароларни хатарлар ҳақида огоҳлантириш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш, жабрланувчиларга ёрдам кўрсатиш механизмларини мустаҳкамлаш ва ушбу жиноятга қарши курашишда бирдамликни таъминлашдир.
Хусусан, мактаблар, олий ўқув юртлари ва маҳаллаларда кўплаб ҳуқуқий семинарлар, маслаҳатлар ва маърузалар ўтказилади. Жойларда, айниқса, миграция даражаси юқори бўлган ҳудудларда ишсизларнинг бандлигини таъминлаш учун меҳнат ярмаркалари ташкил этилади. Ёшлар, хотин-қизлар, фаоллар ва фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашувлар ўтказиш режалаштирилган. Олис аҳоли пунктларида юристлар, психологлар ва ижтимоий ходимлар иштирокида сайёр тадбирлар ўтказишга алоҳида эътибор қаратилади.
Ушбу ташаббус доирасида “Адолат” партияси фаоллари одам савдосидан жабрланганларни реабилитация қилиш марказлари фаолиятини жамоатчилик мониторингидан ўтказишга ҳамда телевидение, радио ва интернет орқали маълумот тарқатишга кўпроқ эътибор қаратади.
Бу ишларга Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси каби вазирлик ва идораларнинг жалб этилиши самарадорликни оширишга хизмат қилади. Бундай идоралараро ёндашув ташаббуснинг кенг қамровлилиги ва натижадорлигини таъминлайди.
Бундан ташқари, ҳар бир фуқаро ҳуқуқий маслаҳат олиши, одам савдоси билан боғлиқ ҳолатлар ҳақида хабар бериши, ўз ҳуқуқлари ва ҳимоя механизмлари тўғрисида маълумот олиши учун ишонч телефонлари ва ахборот платформаси, шу жумладан, +99899 421 93 18 ва +99899 154 55 02 телефон рақамлари фаолияти йўлга қўйилган.
Хулоса қилиб айтганда, одам савдосига қарши курашиш битта вазирлик ёки идоранинг эмас, балки бутун жамиятнинг вазифасидир. “Адолат” партияси хавфсиз ва адолатли келажакни барпо этиш йўлида давлат, фуқаролар ва мутахассисларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириб, сисёсий жараёнларда масъулиятли иштирок этиш борасида намуна бўлиб келмоқда.
Н.Рашидова
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси.