Одам савдоси – дунё бўйлаб кенг тарқалган жиноятлардан бири бўлиб, инсон ҳақ-ҳуқуқларини поймол этаётган, унга қарши курашиш кучайтирилганига қарамай ҳамон барҳам топмаётган иллат ҳисобланади.
Боиси, барча давлатларда миграция мисли кўрилмаган даражада фаоллашди. Бошқа давлатлардаги шарт-шароитни билмай туриб, ўша ерга ишга отланаётган кишилар кўп ҳолларда алданиб қолмоқда. Алдов йўли билан ишга таклиф қилиш ҳолатлари ҳам кам эмас.
Бундай шароитда аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш, уларни одам савдосидан огоҳ этиш – долзарб вазифа ҳисобланади. Шу мақсадда Давлатимиз раҳбари бошчилигида мамлакатимизда одам савдосига қарши курашиш, ундан жабрланган шахсларни ҳар томонлама ҳимоя қилиш, мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ва муносиб меҳнат тамойилларини жорий қилиш бўйича тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Одам савдосидан жабрланганларни ижтимоий реабилитация қилишда ҳуқуқни муҳофаза этувчи ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар томонидан юқори натижаларга эришилмоқда. Бу борада фуқаролик жамияти вакиллари, хорижий давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилган.
«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказида Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш бўйича республика реабилитация маркази, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати, Республика «Истиқболли авлод» ижтимоий ахборот маркази, «Ватандошлар» жамоат фонди ҳамкорлигида ўтказилган «Ўзбекистонда жамоатчилик фикрини ўрганиш ва шакллантиришнинг долзарб муаммолари: усуллар, назария ва амалиёт» илмий-амалий семинарининг навбатдаги мажлисида шу ҳақда гап борди.
«Одам савдоси: хабардорлик, сабаблар ва унга қарши курашиш» мавзусига бағишланган тадбирда ижтимоий сўровлар натижалари, одам савдосига қарши курашишдаги бўшлиқларни бартараф этиш, аҳолининг бу жиноятдан хабардорлигини ошириш орқали уларни огоҳликка чақириш масалаларига эътибор қаратилди.
"Фуқаролар одам савдоси тўғрисида: хабардорлик, сабаблар ва унга қарши курашиш" мавзусида ўтказилган ижтимоий сўров натижалари асосида тайёрланган тақдимотлар тақдим этилди.
Семинар давомида аҳолини одам савдоси муаммолари ва унга қарши курашиш чора-тадбирлари тўғрисида хабардор қилиш муҳимлигини инобатга олган ҳолда, жамоатчилик фикрини ўрганишни доимий мониторинг қилиш, одам савдосидан жабрланганларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва реабилитация қилиш бўйича таклифлар билдирилди.
Семинар якуни бўйича одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат тамойилларини кенг жорий этиш юзасидан таклиф ва тавсиялар қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА