Одам савдоси – XXI асрнинг энг оғир муаммоларидан бири сифатида бутун дунёда миллионлаб инсонларнинг саломатлигига, ҳаётига салбий таъсир кўрсатмоқда. Ўзбекистон ҳам бу таҳликали иллатдан четда эмас. Шу боис бу борадаги тарғибот-тушунтириш ишларини олиб бориш муҳим.
30 июль – Халқаро одам савдосига қарши курашиш куни. Ушбу сана муносабати билан “Адолат” СДП томонидан июль ойи “Биз одам савдосига қаршимиз” ҳуқуқий-тарғибот ойлиги деб эълон қилинди.

Ҳуқуқий-тарғибот ойлиги доирасида партиянинг Тошкент шаҳар ва Яккасарой туман Кенгаши томонидан Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида тадбир ташкил этилди. Унда талаба-ёшлар ва ўқитувчилар иштирок этди.
Тадбир давомида иштирокчиларга одам савдосининг оғир оқибатлари, бу иллат қурбонига айланишнинг олдини олиш, бундай ҳолатга дуч келганда кўриладиган чора-тадбирлар юзасидан ҳуқуқий маълумотлар берилди.

Шунингдек, тегишли мутахассислар сўзга чиқиб, фуқароларни доимо огоҳ бўлишга, шубҳали таклифларга ишонмасликка ва ҳушёрликни йўқотмасликка чақирдилар.
Ўз навбатида, иштирокчилар ҳам мулоҳазаларини билдириб, ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоб олдилар.
Ойлик доирасидаги тадбирлар ҳудудларда давом этмоқда.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА