Навоий вилояти ҳокимлигида одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича ҳудудий комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Навоий вилоятига бириктирилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Феруза Эшматова, вилоят ҳокими ўринбосари Жамшид Ходжаев ҳамда тегишли масъуллар иштирок этди.

Таъкидланганидек, одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича ҳудудий комиссияси ўз фаолиятини 2025 йилга мўлжалланган режага асосан амалга оширган ҳолда вилоятда истиқомат қиладиган фуқароларнинг одам савдосидан огоҳлигини ошириш ва жабрланиб қолишининг олдини олиш, болалар савдоси билан шуғулланувчи шахсларни таъсирига тушиб қолмаслик бўйича барча маҳаллаларда, туғруқ комплексларида ва барча ҳудудларда кенг қамровли тарғибот ва ташвиқот тадбирлари олиб борилган.

Ўтган давр мобайнида комиссиянинг 12 маротаба йиғилиши ўтказилиб, комиссия қарорлари ижрога қаратилган, 4 маротаба туман-шаҳарлар ҳудудий комиссиялари фаолияти текширилган. Текширув натижалари юзасидан прокуратура томонидан 4 та тақдимнома киритилган.

Вилоятда мажбурий меҳнатнинг олдини олиш мақсадида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси томонидан 176 маротаба тарғибот тадбирлари ўтказилган бўлса, одам савдоси жиноятидан жабрланган фуқаролар бандлигини таъминлаш мақсадида 140 маротаба бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилган. Уларда 2460 та корхона ва ташкилотлар ўзларидаги мавжуд 10 минг 381 та бўш иш ўринлари билан иштирок этган. Натижада 7 минг 717 нафар фуқаро доимий иш ўрнига ишга жойлаштирилиб, 938 нафари касб-ҳунарга ўқитилган.
Ўтган давр мобайнида одам савдоси жиноятидан жабрланган фуқаролар билан суҳбатлар олиб борилиши натижасида 2 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланган. Ушбу тоифадаги фуқаролар бандлигини таъминлаш бўйича туман, шаҳарларда 62 та квоталанган иш ўринлари захираси яратилган.

Вилоят Ички ишлар бошқармасига одам савдоси билан боғлиқ жами 10 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 8 таси ўз тасдиғини топган. Жиноят содир этган шахсларга нисбатан қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш чоралари кўрилган. Шунингдек, мазкур турдаги жиноятдан жабрланган шахслар тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларга ҳуқуқий ва психологик ёрдамлар кўрсатилган.
Вилоят Ёшлар ишлари бошқармаси томонидан ҳам одам савдосига қарши курашиш борасида 50 га яқин тадбир ва лойиҳалар амалга оширилиб, тадбирларда 38 минг нафардан ортиқ ёшлар қамраб олинган. Вилоятда 3119 нафар “оғир” тоифадаги (ишсиз) ёшлар корхона ва ташкилот раҳбарларига бириктирилиб, уларнинг бандлиги таъминланиб, оғир тоифадан чиқарилган.
Шунингдек, оталиққа олинган, муаммолари аниқланган ёшларнинг 817 нафаридан 795 тасининг муаммолари ижобий ҳал этилган, миграциядан қайтган 870 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланган. Йил якунига қадар 558 нафар миграциядаги ёшларни ватанимизга қайтарилиши бўйича амалий чоралар белгиланган. Тижорат банклари томонидан эса 5234 нафар ёшлар учун имтиёзли кредитлар ажратилган.
Омбудсманнинг Навоий вилоятидаги минтақавий вакили томонидан “Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари” бўйича аҳолини хабардорлигини ошириш мақсадида “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида ўтказиладиган тадбирлардан самарали фойдаланиш тажрибаси йўлга қўйилган.
Тадбир якунида масъул ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботи тингланиб, ҳудудий комиссия ва унинг таркибидаги кичик комиссиялар, барча шаҳар, туман ҳудудий комиссияларининг ишини тизимли йўлга қўйиш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтиришга қаратилган қатор чора-тадбирлар белгилаб олинди.
А.Бўриев, ЎзА