Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Одам савдосига қарши кураш: миллий ёндашувлар ва халқаро стандартлар
12:37 / 2024-07-30

30 июль – Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни. Шу муносабат билан мамлакатимизда «Одам савдосига қарши курашда ўттиз кунлик ҳамкорлик» ойлиги ўтказилди.

Пойтахтимизда ойликни якунлашга бағишланган «Одам савдосига қарши кураш: миллий ёндашувлар ва халқаро стандартлар» мавзусида конференция ўтказилди.

Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича Миллий комиссияси томонидан Ички ишлар вазирлиги, Халқаро миграция ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда Сенат Раиси, Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича Миллий комиссия раиси Т.Норбоеванинг мурожаати конференция иштирокчиларига ўқиб эшиттирилди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда Президентимиз бошчилигида барча соҳаларда, энг аввало, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш йўналишида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди. Бу йўналишда парламент, ҳукумат ва фуқаролик жамияти институтларининг амалий ҳамкорлиги мутлақо янги босқичга кўтарилди.

Натижада турли хавф-хатарларга, шу жумладан, одам савдосига қарши курашиш йўналишида сезиларли ютуқларга эришилди. Одам савдосига қарши курашиш бўйича миллий қонунчилик такомиллаштирилди, кейинги 5 йилда ушбу йўналишда 40 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.

Конференция давомида одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги миллий қонунчиликни такомиллаштириш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ролини кучайтириш ва жамоатчиликни хабардор қилиш бўйича амалга оширилган ишлар иштирокчилар томонидан алоҳида эътироф этилди.

Тадбирда иштирок этган давлат органлари вакиллари, фуқаролик жамияти ташкилотлари, экспертлар, шунингдек, хорижий дипломатик корпус вакиллари томонидан одам савдосига қарши курашиш йўналишида амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлигини ошириш, халқаро тажрибани миллий амалиётга қўллаш, одам савдосига қарши курашиш бўйича инновацион ёндашувлар, ахборот технологияларидан фойдаланиш, қурбонларни аниқлаш ва уларга ёрдам бериш механизмлари муҳокама қилинди.

Конференция якунида иштирокчилар томонидан якуний ҳужжат – коммюнике қабул қилинди. Ушбу ҳужжатда иштирокчилар томонидан билдирилган таклиф ва тавсиялар асосида одам савдосига қарши курашиш бўйича халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, соҳада келгусидаги устувор вазифалар бўйича бир қатор тавсиялар ўз ифодасини топди.

Н.Абдураимова, ЎзА