Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Одам савдосига қарши кураш: тарғибот ва самара
16:07 / 2019-10-31

Фарғона шаҳрида "Одам савдосига қарши курашиш масалаларини оммавий ахборот воситаларида самарали ёритиш" мавзусида журналистлар учун ўқув семинари бошланди.


Фарғона шаҳрида "Одам савдосига қарши курашиш масалаларини оммавий ахборот воситаларида самарали ёритиш" мавзусида журналистлар учун ўқув семинари бошланди.

Мазкур тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва БМТнинг миграция бўйича агентлиги – Халқаро миграция ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилиб, унда Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидаги оммавий ахборот воситалари вакиллари, ахборот хизматлари раҳбарлари иштирок этаётир.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари М.Тиллабоев, Халқаро миграция ташкилотининг Ўзбекистон билан алоқалар менежери С. Тошбоев ва бошқалар мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш йўлида кенг қамровли ўзгаришлар изчиллик билан жорий этилаётганлигини таъкидлади. Жиноятчиликка, жумладан одам савдосига қарши курашиш ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш масалаларига устувор даражада эътибор қаратилиб, ушбу ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Одам савдосидан жабр кўрган кишиларни аниқлаш ва ҳимоялаш борасида таъсирчан амалий ишлар қилинмоқда. Жабрдийда фуқароларга тиббий, руҳий-маънавий ва бошқа хил кўмаклар кўрсатилмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати меҳнат мигрантлари – мамлакатимизнинг хориждаги фуқароларини ҳимоя қилиш, шунингдек, одам савдоси жабрдийдалари ва ожиз мигрантларга ёрдам бериш масалаларига тобора катта эътибор қаратмоқда. Мамлакатимиз бу борада бир қатор халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича асосий воситалари ҳамда БМТнинг 2000 йили қабул қилинган Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши конвенцияси иштирокчиси экани ҳам буни яққол тасдиқлайди.

Мамлакатимизда одам савдосига қарши курашишнинг ҳуқуқий ва ташкилий асослари яратилган ҳамда бундай жиноят жабрдийдаларини ҳимоя қилиш механизмлари ишлаб чиқилган. Президентимизнинг 2019 йил 30 июлдаги “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси Олий Мажлис Сенати Раиси бошчилигидаги Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси этиб қайта ташкил қилинди.

photo5319063567711972212.jpg

Ўзбекистон Халқаро миграция ташкилотининг тўлақонли аъзоси ҳисобланади. Мамлакатимиз ушбу нуфузли ташкилот одам савдосига қарши курашиш ва унинг жабрдийдаларига кўмак бериш соҳасида амалга оширилаётган дастурларда иштирок этиб келмоқда.

Минтақамиз бўйича илк бор Ўзбекистонда Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича миллий маърузачи институти таъсис этилди. Миллий комиссия журналистлар иштирокида, шу жумладан, хорижий оммавий ахборот воситалари ва интернет-ресурсларда кенг ахборот-тарғибот ишларини ташкил этиш чора-тадбирларини амалга ошириши зарурлиги белгиланди. Бунда одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш масалалари бўйича брифинглар, интернет-конференциялар, телевизион кўрсатувлар уюштиришга алоҳида эътибор қаратиш таъкидланди.

Давлат раҳбарининг 2018 йил 10 декабрда қабул қилинган “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига кўра, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларини бажариш бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлигини, миллий маърузалар тайёрланишини, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтиришни таъминловчи давлат органидир.

Марказнинг асосий вазифалари қаторида инсон ҳуқуқлари соҳасида аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга кўмаклашиш, инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ва минтақавий ташкилотлар ҳамда тузилмалар, хорижий мамлакатлар миллий институтлари билан ҳамкорликни амалга ошириш каби муҳим вазифалар кўзда тутилган. Марказ директори Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг аъзоси ҳисобланади.

Шу маънода, Фарғона шаҳрида ташкил этилаётган икки кунлик тренинг машғулотларини ўтказишдан асосий мақсад одам савдосига қарши курашиш мавзусини самарали ёритиш борасида оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, давлат органлари матбуот хизматлари ходимларининг касбий тайёргарлигини оширишга кўмаклашишдир.

Ўқув машғулотларини миллий, хорижий ва халқаро экспертлар олиб боради. Интерфаол шаклдаги мулоқотларда мавжуд назарий ва ҳуқуқий манбаларнинг аҳамияти амалий машқлар билан уйғунликда кўриб чиқилади. Тренинг якунида иштирокчиларга сертификатлар топширилади.