Йил сайин аҳоли орасида тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилишига қарамай юртимизда одам савдоси ҳолатларига дуч келинмоқда. Ачинарлиси, бу жиноят фуқаролар томонидан содир этилмоқда.
Тошкент вилоятида ўтказилган “Хавфсиз ва соғлом юрт” профилактик тадбирлари давомида вилоят ИИББ тезкор ходимлари томонидан Қибрай тумани ИИБ ҳамда ДХХ ҳудудий бўлинмаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган навбатдаги тезкор тадбирда яна бир шахснинг одам савдоси қурбони бўлиши олди олинди.

Ўтказилган тезкор тадбирда Ангрен шаҳрида яшовчи 1971 йили туғилган аёл (Х.Т.) осон пул топиш мақсадида таниши 2003 йили туғилган қиз(З.А.)ни алдаб, даромад топишга ишонтирган. Уни Тошкент халқаро аэропорти орқали Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрига фоҳишалик учун олиб кетаётган вақтида далилий ашёлар билан ушланди.
Маълумотларга кўра, аёл ва 22 ёшли қизнинг Россияга бориши учун йўл ҳақи ва бошқа харажатлар Санкт-Петербургда яшовчи “Зуля” исмли аёл томонидан қопланган. Бунинг эвазига қиз кейинчалик фоҳишалик билан шуғулланиши керак бўлган. Шунингдек, аёл қизни етказгани учун ўша танишидан маълум миқдорда ҳақ олишга келишган.

Ҳозирда ушланган шахсга нисбатан Қибрай тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 135-моддаси (Одам савдоси) 2-қисми “а”, “з” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.
А.Мусаев,ЎзА.