Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасидаги муаммо ва камчиликлар очиқланди
14:53 / 2021-03-24

Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Комиссия раиси Танзила Норбоева олиб борди.

Йиғилишда Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий маърузачи томонидан тайёрланган ахборот, Комиссия томонидан амалга оширилган ишлар ва келгусидаги вазифалар тўғрисида сўз борди.

– Мамлакатимизда одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш йўналишларидаги фаолиятни тизимга солиш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида 2020 йилда 19 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, 5 та қонун, 5 та Президент фармони, 6 та қарори, Ҳукуматнинг 3 та қарори қабул қилинди, – дейди Т.Норбоева. 

– Энг асосийси, вояга етмаган шахслар манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Бунинг натижасида болалар меҳнатига йўл қўйган шахсларни дастлабки қилмишлари учун жиноий жавобгарлик белгиланди. Болалардан фоҳишалик мақсадида фойдаланиш, уларни ғайриқонуний жамоат бирлашмалари фаолиятида қатнашишга ундаш, мажбурий меҳнатга жалб этиш учун жиноий жавобгарлик белгиланди.

Ўтказилган тадбирлар натижасида одам савдоси билан боғлиқ 93 та жиноят қайд этилиб, уларнинг 51 таси шаҳвоний фойдаланиш, 3 таси меҳнатдан фойдаланиш, 39 таси чақалоқ савдоси билан боғлиқ жиноятларни ташкил этган. Одам савдосига оид содир этилган жиноятлар бўйича 129 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Мазкур жиноятларда 150 нафар шахс жабрланган.

Мажбурий меҳнатнинг олдини олиш мақсадида 5 минг 684 та ташкилот ўрганилиб, мажбурий меҳнатга йўл қуйган 106 нафар ҳамда иш ҳақларини ўз вақтида бермаган ва меҳнат шароитлари яратмаган 125 нафар мансабдор шахсга маъмурий жарималар қўлланилган.

Шунингдек, “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирда қабул қилиниши билан ушбу соҳадаги муносабатлар тартибга солинди.

Пахта йиғим-терими мавсумида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланиш юзасидан учинчи томон мониторинги, Касаба уюшмалари федерацияси томонидан миллий мониторинг ўтказилди. Сенаторлар ва депутатлар томонидан журналист ва блогерлар жалб этилган ҳолда парламент назорати олиб борилди.

Мониторинглар натижасига кўра, пахтачиликда болалар ва мажбурий меҳнатдан тизимли фойдаланишга тўлиқ барҳам берилганлиги қайд этилди. Бундан ташқари, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш, мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган 50 дан зиёд лойиҳалар амалга оширилди. Россиянинг Екатеринбург ва Новосибирск шаҳарларида Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ваколатхоналари ташкил этилди.

Йиғилишда мамлакатимизда одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида амалга оширилган ишлар қаторида мавжуд муаммолар, йўл қўйилган камчиликлар ҳам танқидий муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан ўтказилган учинчи томон мониторинги ҳамда Касаба уюшмалари федерациясининг миллий мониторинги айрим маҳаллий ижро ҳокимияти органлари, вазирлик, идораларнинг қуйи тузилмалари раҳбарлари томонидан ходимларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатлари учраётганини кўрсатди. Бунинг асосий сабабларидан бири айрим ҳудудларда теримчиларнинг етишмовчилиги бўлиб, кластерлар ва фермерлар томонидан мустақил равишда теримчиларни пахта йиғим-теримига ёллаш бўйича ишлар етарли даражада олиб борилмаган.

Шу билан бирга, 2020 йил пахта йиғим-терими мавсумида кластерлар ва фермерлар томонидан теримчилар учун муносиб меҳнат шароитлари яратиб берилмаган. Меҳнат муносабатлари тўғри йўлга қўйилмаган. Терилган пахта учун ҳақ вақтида теримчиларга тарқатилмаган. Бу эса теримчилар ва халқаро экспертларнинг эътирозига сабаб бўлди.

Одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар таҳлили ушбу турдаги жиноятларга одамларни ёллашнинг янги усуллари ва воситалари кенгайиб бораётганини кўрсатмоқда.

Йиғилишда Ички ишлар вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, ҳудудий комиссиялар Андижон, Бухоро ва Хоразм вилоятлари раҳбарларининг соҳага оид маърузалари тингланиб, Миллий комиссиянинг тегишли хулоса ва топшириқлари берилди.

– 2020 йил пахта теримида мамлакатимизда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича сезиларли ютуқларга эришилди, – дейди бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов. 

– Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан 2020 йилда пахта йиғим-терими мавсумида ўтказилган “учинчи томон” мониторинги натижаларига кўра, Ўзбекистонда ўтган йилгидек пахта йиғим-терими давомида болалар меҳнатидан умуман фойдаланмагани тўғрисидаги хулосага келди. Шу билан бирга, мажбурий меҳнатга бутунлай барҳам бериш юзасидан сезиларли натижаларга эришгани, фуқароларнинг мажбурий тарзда тизимли жалб этиш ҳолатлари кузатилмаганини қайд этди.

Ўтган йилда пахта йиғим-теримига мажбурий жалб этиш ҳолатлари 2019 йилга нисбатан 33 фоизга камайгани таъкидланди. Бунинг асосий омилларидан бири сифатида, албатта, Президентимизнинг қарорлари асосида терилган пахта хомашёси учун тўланадиган тўлов миқдорларининг кўпайтирилгани, меҳнат ва дам олиш шароитларининг сезиларли даражада яхшиланганини кўрсатиш жоиз. Бу бир қатор хорижий ташкилотлар томонидан ҳам эътироф этилди. 2021 йилда ҳам кичик комиссия томонидан мажбурий меҳнатни бартараф этиш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш борасида янада кўпроқ вазифаларни ўз олдига мақсад қилган. Бу борада 5 та асосий йўналиш белгилаб олинди. Хусусан, миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида ташкилий ва амалий чора-тадбирларни давом эттириш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, Миллий комиссия томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда ишлаб чиқилган “2020 йилда одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида амалга оширилган ишлар юзасидан ахборотда билдирилган таклифларни амалиётга татбиқ этиш бўйича чора-тадбирлар режаси (“Йўл харитаси”)” лойиҳаси кўриб чиқилди ва тасдиқланди.

 

Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА