English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Одам савдоси – аср муаммоси
16:33 / 2025-07-07

Абдулла Қодирий номидаги Жиззах давлат педагогика университети қошидаги “Сайилжойи” академик лицейида “Одам савдосига қарши кураш” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Мазкур тадбир “Адолат” СДП Жиззах вилояти Кенгаши, вилоят адлия бошқармаси, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси вилоят бўлими, “Истиқлол авлоди” нодавлат нотижорат ташкилоти масъуллари ҳамкорлигида ташкил этилди.

Бугун асримизнинг жиддий муаммосига айланган одам савдосига қарши кураш халқаро, минтақавий, кўп ва икки томонлама муносабатларни талаб этмоқда. Ҳозирга қадар жиноятчиликнинг ушбу турига қарши курашиш ва унинг олдини олиш мақсадида БМТ нинг бир қатор халқаро тавсиявий ва мажбурий характерга эга ҳужжатлари қабул қилинган. Улар доирасида ушбу хавфга қарши дунё миқёсида тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Мазкур давра суҳбатида талаба ёшларга ҳозирги кундаги одам савдосининг турли кўринишлари, ноқонуний миграция, одам савдоси қурбонлари, чегара танламайдиган ушбу жиноятнинг турлари, унинг аянчли оқибатлари ва ундан сақланиш йўллари ҳақида атрофлича маълумот берилди. 

– Ушбу тадбиримиздан кўзланган асосий мақсад –ёшларда одам савдосига қарши иммунитетни шакллантириш, уларнинг бу борадаги ҳуқуқий билимларини оширишдан иборат, – дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилояти Кенгаши раиси Ориф Шукуров. – Бугунги кунда нафақат мамлакатимизда, балки бутун дунёда бу борада тегишли тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Лекин шунга қарамай, ҳар йили миллионлаб инсонлар “замонавий қуллик”, яъни одам савдоси қурбонига айланмоқда. Ачинарлиси, улар орасида аёллар, кексалар ва ҳатто ёш болаларнинг ҳам борлигидир. Ушбу жиноятнинг ривожланишига туртки бўлаётган асосий омиллардан бири эса фуқароларимиз, айниқса ёшларимизнинг чет элга бориш ва ишга жойлашиш ҳақида етарли маълумотга эга эмаслигидир. Энг ёмони, ўзга давлат, бегона бир муҳитга тушиб қолганлар мўмай даромад илинжида оғир жисмоний меҳнатга ёлланмоқда, аёллар эса тубан ва фаҳш ишларга мажбур этилмоқда.

БМТ маълумотига кўра, дунёда ҳар йили тахминан салкам 3 миллионга яқин киши одам савдосининг қурбонига айланаётган экан. Халқаро экспертларнинг баҳолашича, ушбу жиноятчилик натижасида олинаётган йиллик даромад миқдори 7 – 8 миллиард АҚШ долларидан ошмоқда. Ташвишланарлиси, одам савдоси жиноятидан жабрланганларнинг 80 фоизи аёллар ва болалардир. Ҳар йили дунё бўйича 600-800 минг нафар аёл ва болалар алдов йўли билан хорижий мамлакатларга олиб кетилиб, сотиб юборилмоқда. Мазкур давра суҳбати айнан ана шундай иллатларнинг олдини олишга қаратилди.

Шунингдек, тадбирда одам савдосига қарши курашишда ҳуқуқий саводхонлик ва жамоатчилик огоҳлиги муҳим эканлиги қайд этилди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларига соҳа мутахассислари томонидан батафсил жавоб берилди. 

А.Қаюмов, ЎзА мухбири