Тошкент шаҳридаги "Ҳумо арена" мажмуасида Аралаш жанг санъатлари (ММА) бўйича “Octagon 68”мусобақаси ўтказилди.
Турнирнинг марказий жанги ўта енгил вазн тоифасида Лига чемпиони ўзбекистонлик аралаш яккакураш устаси Анвар Абдуллаев (9-0) ҳамда “Interim” (вақтинчалик чемпионлик камари) соҳиби, Озарбайжон вакили Фарид Алибабазаде (13-8-1) ўртасида ўтди. Унда А.Абдуллаев ҳакамларнинг якдил қарори билан ғалабани қўлга киритди.
Маълумот ўрнида: Анвар Абдуллаев учун бу иккинчи ҳимоя жанги эди. У 2023 йилнинг декабрь ойида ўтказилган “Octagon 53” турнири доирасида бошқа бир озарбайжонлик спортчи — Рояль Лейлизадени мағлуб этиб, илк бор камарини ҳимоя қилганди.
Шунингдек, “Octagon 68”мусобақасида Жасур Бебетов, Ҳабиб Газиев Асадбек Саидов, Сардорбек Рўзиев, Ислом Болтаев, Азамат Нуфтиллаев, Одилхон Камолов ва Шоҳасан Мирзаматов каби спортчиларимиз ўз вазн тоифаларида зафар қучди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА