Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
«Ўчмас у кунлар шуҳрати»
17:39 / 2024-05-02

Иккинчи жаҳон уруши инсоният бошига кулфатлар ёғдириб, миллионлаб йигитларни ҳаётдан, яшашдан мосуво қилди, қанчадан-қанча оилаларни, ота-оналарни, болаларни азоб-уқубатда қолдирди. Ўзбекистон халқининг Иккинчи жаҳон уруши даврида кўрсатган жасорати, букилмас иродаси ва матонати, инсонпарварлик фазилатлари авлодлар учун муқаддас хотира ва одамийликнинг юксак намунасидир. Бугунги тинч ва осойишта, эркин ва фаровон ҳаёт учун азиз жонини фидо қилган аждодларимизнинг ёрқин хотирасини ёд этиб, уларнинг эзгу ишларини муносиб давом эттириш халқимизга хос азалий қадриятдир.

Бугун Ўзбекистон тарихи давлат музейида «Ўзархив» агентлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази, Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архиви ҳамкорлигида 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган «Ўчмас у кунлар шуҳрати» номли архив ҳужжатлари ва музей ашёлари кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. 

Кўргазмада Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архивининг Иккинчи жаҳон уруши йилларига оид Ўзбекистон халқи ва мамлакат ҳаётини акс эттирган 60дан зиёд фотоҳужжатлари ҳамда Ўзбекистон тарихи давлат музейи фондида сақланаётган уруш йилларига оид ашёлар намойиш этилди. 

[gallery-17232]

Кўргазманинг очилиш маросимида «Ўзархив» агентлиги раҳбари У.Юсупов, Ўзбекистон тарихи давлат музейи директори Ж.Исмоилова сўзга чиқиб, миллатимизнинг уруш йилларидаги сабр-матонати, машаққатли меҳнати ҳамда ғалабага қўшган ҳиссаси ҳақида тўхталди. Кўргазмага қўйилган ҳужжатлар бу даврнинг заҳматини, миллатимизнинг қаҳрамонлигини ўзида акс эттиргани билан аҳамиятли эканини таъкидлади. 

Дарҳақиқат, фотоҳужжатлар ва ашёларнинг ҳар бири уруш майдонларидаги қаҳрамонлик ҳамда фронт ортидаги машаққатли ҳаётни ўзида акс эттирган. Бу тарихий фактлар ҳар бир томошабинни инсоният тарихидаги энг қақшатқич уруш ҳақида янада кенг маълумот олишига хизмат қилади. Қолаверса, бугунги тинч-осойишта кунларга шукрона келтириш ва уни асрашга ундайди. 

Юртимизнинг тинч-осойишта ҳаёти учун жасорат кўрсатиб, фидо бўлган ватандошларимиз хотирасини ёд этиш бугунги авлоднинг вазифасидир. Зеро, аждодларни хотирлаш, кексаларни эъзозлаш улуғ қадрият ҳисобланади. 

Кўргазма очилишининг бадиий қисмида миллий-маданий марказларнинг бадиий чиқишлари намойиш этилди. 

«Ўчмас у кунлар шуҳрати» номли мазкур кўргазма бир ой мобайнида давом этади. 

Муҳтарама Комилова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА