Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ОЧЛ ва ОФК кубогига 27 январда қуръа ташланади
11:55 / 2021-01-15

Ушбу мусобақада мамлакатимиз вакилларининг кўпчилик бўлиб иштирок этиши кўп жиҳатдан АГМК жамоасига боғлиқ.

Хабарингиз бор, қитъа миқёсидаги халқаро мусобақаларда юртимиз шарафини «Пахтакор», АГМК жамоалари ҳимоя қилишлари аниқ бўлиб улгурган. Буларнинг қаторига «Насаф» клуби қўшилиши эҳтимоли ҳам бор. Бунинг учун АГМК жамоаси ўтиш ўйинида ғалаба қозониши ва ОЧЛ гуруҳ баҳсларига қўшилади. Бу ҳолатда «Насаф»га ОФК Кубогида иштирок этиш учун имконият яратилади. Мабодо, олмалиқликлар дастлабки ўйинда мағлубиятга учраса, у ҳолда АГМКнинг ўзи ОФК Кубогида юриш бошлайди, «Насаф» эса четда қолади.

Биласиз, «Пахтакор» тўғридан-тўғри Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичига йўл олган. АГМК эса саралаш доирасида дастлаб Ироқнинг «Ал Қува Ал Жавия» жамоаси билан сафарда ўйнайди. Агарда ушбу тўсиқдан ўтилса, кейин Қатарнинг «Ал Гарафа» жамоаси билан баҳс юритади. Ушбу ўйиндаги ғалабагина АГМКни ОЧЛ гуруҳ босқичига олиб чиқади. Бироқ айни пайтда ОФК пандемия шароитидан келиб чиқиб, ўйинларни марказлашган ҳолда ўтказиш вариантини ҳам кўриб чиқяпти.

Қуръа ташлаш маросими 27 январь куни бўлиб ўтади. ОФК кубоги учун қуръа Тошкент вақти билан 11:30 да старт олса, ОЧЛ гуруҳ босқичи учун 13:30 да бошланади. Коронавирус пандемияси сабаб бу йилги қуръа маросимига клублар таклиф этилмаган, балки онлайн форматда ташкил этилади.

Ойбек ЮНУСОВ, ЎзА