Бугун, 6 ноябрь куни футбол бўйича Осиё чемпионлар лигасининг навбатдаги тур учрашувлари бошланади. Унда “Насаф” ўз майдонида “Шаржа”ни қабул қилса, “Навбаҳор” Эронда “Нассажи Мазандаран”га қарши майдонга тушади. Шунингдек, “ОКМК” ҳам Эрон пойтахтида “Сепахон” меҳмони бўлади.
Теҳрон шаҳрида ўтказиладиган “Нассажи Мазандаран” ва “Навбаҳор” учрашуви Тошкент вақти билан соат 19:00 да бошланади. “Навбаҳор” клуби учрашувда оқ рангли либосда ҳаракат қилади. Ҳозирда “D” гуруҳида Наманган жамоаси муваффақиятли иштирок этмоқда. Ўтган турда “Нассажи Мазандаран” устидан қозонилган ғалабадан сўнг ушбу клуб очколарини 7 тага етказиб олди. Ушбу гуруҳда етакчилик қилаётган “Ал-Ҳилол”да ҳам 7 очко мавжуд. Ҳар икки жамоа гуруҳдаги ўринлари тўплар нисбатига кўра тақсимланмоқда. “Ал- Ҳилол” ҳозирда рақиблар дарвозасига 10 та гол уриб, ўз дарвозасидан битта тўп олиб чиққан бўлса, “Навбаҳор”нинг голлар нисбати 6/2 бўлиб турибди. Гуруҳда учинчи ўринда “Нассажи Мазандаран” 3 очко билан бораётган бўлса, “Мумбай Сити”да умуман очко йўқ.
Албатта, гуруҳдаги вазият Наманган жамоаси учун қониқарли, дейиш мумкин. Бугун бўлиб ўтадиган ўйинда ва “Мумбай Сити”га қарши баҳсда ғалаба қозонса, “Навбаҳор” учун деярли навбатдаги босқич йўлланмаси ҳал бўлиши ойдинлашади. Бироқ гуруҳ ғолиблиги “Ал-Ҳилол” билан ўйинда аниқ бўлади. “Ал-Ҳилол”да ҳам шундай вазият.
Ўзбекистон Суперлигасида ҳамон ғолиблик учун курашаётган “Насаф” клубининг Осиё чемпионлар лигасидаги имкониятлари ҳам юқори бўлмоқда. Қаршидаги бугунги ўйинда “Насаф” “B” гуруҳ етакчиси “Шаржа”ни қабул қилади. Маҳаллий вақт билан соат 19:00 да старт оладиган ушбу ўйин натижаси мезбонлар учун ўта муҳимдир.
“Насаф” ҳозирда гуруҳда 6 очко билан иккинчи ўринда бораётган бўлса, “Шаржа” 7 очко жамғарган ҳолда карвонбошилик қилмоқда. Уларни “Ал-Садд” 4 очко билан таъқиб қилишда давом этаётир. “Ал-Файсали” эса 0 очко билан навбатдаги босқич умидини узган. Бугунги ўйинда “Насаф” учун ғалаба ўта муҳим. Аслида “Шаржа”ни дуранг ҳам қониқтиради. Бироқ олдинда ҳар икки жамоани “Ал-Садд” ва “Ал-Файсали” билан ўйинлар кутиб турибди. Шу тариқа, бу гуруҳда ҳам шиддатли баҳслар сўнгги турга қадар давом этиши кутилмоқда.
Олмалиқнинг “ОКМК” жамоаси 4-тури доирасида Эроннинг “Сепахон” клубига қарши ўтадиган Теҳрондаги иккинчи учрашув соат 23:00 да старт олади. “С” гуруҳидаги ҳолат ҳақида гапирадиган бўлсак, “ОКМК” гуруҳдан чиқиш имкониятини деярли йўқотди. Бу йилги мусобақа олмалиқликлар учун омадсиз ўтмоқда. Асосий таркибдаги йўқотишлар, кутилмаган жароҳатлар “ОКМК”нинг олдига қўйган мақсадларни амалга оширишига йўл қўймади.
Ҳозирда, “Ал-Иттиҳод” 6 очко билан гуруҳни бошқараётган бўлса, “Сепахон” ва “Аир Форс” 4 очко жамғарган ҳолда навбатдаги босқич учун курашни давом эттирмоқда. “ОКМК” эса, афсуски, бир очко ҳам тўплай олмасдан тўртинчи ўринда бормоқда. Албатта, бугунги ўйинда Олмалиқ жамоаси ғалаба учун майдонга тушиши керак. Бу жамоада ҳали имкон бор. Бироқ бошқа уч клуб очко йўқотиши ва қолган барча ўйинларда “ОКМК” зафар қучиши шарт. Шунда ҳам очколар сони 9 тага етади ва иккинчи поғонадан жой олиш учун бироз имконият туғилади. “Сепахон”га имкониятни бой бериб қўйса, “ОКМК”нинг бор эътибори Ўзбекистон кубоги финалига қаратилади.
Дарвоқе, “ОКМК” ва “Насаф” бугун кўк рангли либосда майдонга тушади. Мазкур ўйинларда жамоаларимизга омад тилаб қоламиз.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА