Футбол бўйича Осиё чемпионлар лигаси-2 мусобақасининг ғарбий минтақасида тўртинчи тур учрашувларига старт берилди.
Мусобақанинг “B” гуруҳида бугун, 5 ноябрь куни “Ал-Холдия” – “Андижон”, “Аркадағ” – “Ал-Аҳли” жамоалари тўртинчи тур доирасида ўзаро рақобатлашади. Ўзбек футбол ихлосмандлари учун катта қизиқиш уйғатаётган “Ал-Холдия” – “Андижон” жамоалари баҳси мамлакатимиз вақти билан 21:00 да Баҳрайндаги “Миллий” стадионида бошланади.

Мазкур баҳсга Чае Сангхёп (Жанубий Корея) бош ҳакам этиб тайинланди. Унга қанотларда ҳамюртлари Пак Кюнёнг, Жанг Жонгпил ёрдам берадиган бўлди.
Ушбу учрашувда “Андижон” қизил, “Ал-Холдия” эса сариқ рангли футбол либосида майдонга тушади.
Маълумот ўрнида: ОЧЛ-2 мусобақасининг “B” гуруҳида “Ал-Холдия” ва “Ал-Аҳли” (1:2) жамоалари бешинчи тур учрашувини муддатидан олдин 29 октябрь куни ўтказгани боис, 26 ноябрь куни ушбу гуруҳда фақатгина “Андижон” ҳамда “Аркадағ” клублари ўртасидаги тўқнашув ташкил этилади.
Шу тариқа, тўртинчи тур олдидан ушбу гуруҳда “Ал-Аҳли” ва “Ал-Холдия” биттадан ўйин кўп ўтказган ҳолда 6 ҳамда 5 очко билан 1-2 поғоналардан жой олди. Захирасида битта ўйин бўлган “Андижон” 3, “Аркадағ” эса 2 очко билан 3-4 ўриндан жой олган.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА