Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Очиқликка риоя этмаган мансабдор шахсларга чора кўрилади
09:43 / 2023-06-16

Очиқликка риоя этиш коррупциянинг олдини олишнинг зарурий шартларидан биридир. Шу боис бу масалага алоҳида эътибор қаратилиб, очиқлик мониторингги йўлга қўйилган.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги зиммасига давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш соҳасини мувофиқлаштириш ва доимий мониторинг қилиш юклатилган.  

Бу борада норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгиланган маълумотларни Интернет тармоғига жойлаштириш (эълон қилиш) бўйича мажбуриятлар бажарилиши,  очиқликка оид қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан мунтазам ўрганиш ўтказиш амалиёти йўлга қўйилган.

– Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан жорий йилнинг биринчи чораги давомида очиқликка оид қонун ҳужжатларига риоя этилиши кўриб чиқилди, – дейди Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати ходими Феруза Миркомилова. – Шу жумладан, очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларнинг белгиланган муддатларда ва ресурсларда эълон қилиниши мониторинг қилинди.

Ўрганиш давомида давлат органлари ва ташкилотларида очиқлик бўйича амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолашга қаратилган Очиқлик индексида фаолияти “қизил” тоифада баҳоланган 27 давлат органи ва ташкилотларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўрганиш натижаларига кўра, Жиззах, Сирдарё ва Андижон вилоятлари ҳокимликларига, шунингдек, Маданият ва туризм вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги, “Алоқабанк” АТБ, “Ўзавтосаноат” АЖларга очиқликни таъминлаш соҳасида йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш ҳамда хизмат вазифаларига масъулиятсизлик билан ёндашган мансабдор шахсларга нисбатан тегишли интизомий жазо чорасини қўллаш тўғрисида тақдимнома киритилди.

Шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси мансабдор шахсига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, кўриб чиқиш учун судга юборилди.

Мазкур йўналишдаги ўрганишлар бошқа давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида ҳам давом эттирилмоқда.

Н.Абдураимова, ЎзА