Сирдарё вилояти солиқ бошқармасида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда коррупцияга қарши курашиш масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар ва блогерлар ҳамда солиқ бошқармаси бўлимларининг бошлиқлари иштирок этишди.
Матбуот анжуманида иштирок этган бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Дилшод Бекмуродов Сирдарё вилояти солиқ хизматлари органларида коррупцияга қарши ички назорат чора-тадбирлари, уларнинг амалга оширилиши ва натижалари ҳақида кенг маълумот бериб, жумладан шундай деди:
– Ҳозирги кунда солиқ тизимида барча жараёнлар автоматлаштирилган ва улар ҳақиқий вақт режимида назорат қилинади. Бу инсон омилини камайтириш орқали солиқ тўловчилар билан органлар ўртасидаги муносабатларни янада шаффоф қилади ва коррупция хавфини минималлаштиришга хизмат қилади.

Сирдарё вилоятида коррупциянинг олдини олиш ва унинг пайдо бўлишига сабаб бўладиган омилларни барвақт аниқлаш мақсадида бир қатор самарали чора-тадбирлар жорий қилинган. Солиқ органларида ходимларнинг фаолияти очиқ ва шаффоф тарзда назорат қилинади, коррупция хавфлари илғор технологиялар орқали баҳоланади ва уларнинг олди олинади. Шунингдек, солиқ тўловчилар ва солиқ органлари ўртасидаги алоқада инсон омилининг роли камайтирилган. Бу чоралар натижасида солиқ тизими янада очиқ ва шаффоф бўлиб бормоқда.
Ҳозирги кунда Сирдарё вилояти солиқ бошқармаси ҳамда унинг туман ва шаҳар бўлимлари томонидан солиқ тўловчиларга 50 дан ортиқ интерактив хизматлар тақдим этилмоқда. Сўнгги бир йилда яна 9 та янги хизмат жорий қилинди. Бу хизматлар жисмоний ва юридик шахсларга интернет орқали давлат ёки хусусий ташкилотлар билан реал вақтда мулоқот қилиш, ҳужжат ва аризаларни электрон тарзда расмийлаштириш, қоғозбозликдан воз кечиш ҳамда солиқ тўловчилар ва солиқ органлари ўртасида коррупсион ҳолатларни камайтириш имконини беради.
Масалан, ҚҚС бўйича ортиқча тўловларни қайтариш жараёнида барча аризалар ва ҳисоботлар электрон платформа орқали юборилади. Бу хизматлар самарадорлигини оширади ва коррупсион ҳолатларга йўл қўймайди.

Солиқ ходимлари орасида коррупция ҳолатларини аниқлаш мақсадида аҳоли ва тадбиркорлардан, шунингдек солиқ ходимларидан аноним сўровномалар ўтказилади. Бу жамоатчилик назоратини мустаҳкамлайди ва ходимлар орасида шаффофлик муҳитини яратади.
Сирдарё вилоятида коррупцияга қарши самарали тизимни таъминлаш учун алоҳида “Шахсий хавфсизлик бўлими” фаолият юритмоқда. Солиқ ходимларининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш мақсадида 16 маротаба профилактик йиғилишлар ташкил қилинган, шундан 4 маротаба ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўтказилган.
Муҳими, коррупсиявий ҳолатлар ва уларнинг олдини олиш мақсадида Солиқ қўмитасининг 1198 ва 71-244-98-98 рақамли ишонч телефонлари, шунингдек солиқ бошқармасининг 55-651-03-42 рақамли ишонч телефони ёки dsq_антиcоррупcия_бот телеграм боти ишга туширилган. Солиқ ходимлари билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар бериш мумкин. Барча маълумотлар сир тутилиши кафолатланади.
– Фуқароларнинг фаоллиги ва ташаббуслари коррупцияга қарши самарали курашишда асосий драйвер ҳисобланади. Ҳар бир мурожаат биз учун қимматли, – деди Дилшод Бекмуродов.
Матбуот анжумани давомида Сирдарё вилояти солиқ бошқармаси ходимлари ОАВ вакиллари ҳамда журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб беришди.
Ғулом Примов, ЎзА