Сирдарё вилояти божхона бошқармаси томонидан 9 декабрь — Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан Гулистон шаҳрида тадбиркорлар, божхона омборларининг вакиллари ҳамда декларацияловчи шахслар иштирокида “Очиқ эшиклар куни” тадбири ташкил этилди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат органлари фаолиятида очиқлик ва шаффофлик тамойилларини мустаҳкамлаш, жамоатчилик назоратини кучайтиришдан иборат бўлди.

Учрашув давомида масъул ходимлар томонидан божхона соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, рақамлаштириш жараёнлари, замонавий ахборот технологияларини жорий этиш ва электрон хизматлар кўламини кенгайтириш орқали инсон омилини камайтириш, коррупция хавфларини бартараф этиш бўйича олиб борилаётган тизимли ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Шунингдек, вилоят божхона бошқармаси, божхона постлари ҳамда божхона омборлари фаолияти, уларда жорий этилган очиқлик ва шаффофлик механизмлари хусусида тақдимотлар ва видеороликлар намойиш этилди. Бу эса иштирокчиларга божхона тизимидаги янгиликлар ва қулайликлар билан яқиндан танишиш имконини берди.

Мулоқот очиқ ва конструктив руҳда ўтиб, тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутасаддилардан атрофлича жавоб олишди.

Тадбир иштирокчилари бундай очиқ учрашувлар ишонч муҳитини мустаҳкамлаш, соҳа фаолиятига нисбатан шаффофликни оширишда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлашди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири