ОНЛАЙН
Мазкур қонун лойиҳаси бўйича Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов маъруза қилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқди.
Таъкидланганидек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик белгиланмаган. Ушбу қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли қўшимчалар киритилмоқда. Яъни, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик назарда тутилмоқда.
Қонун лойиҳасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, жумладан очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатига киритилган маълумотларни эълон қилмаслик ёки тўлиқ эълон қилмаслик, эълон қилиш муддати ва тартибини бузиш, маълумотларни нотўғри кўрсатганлик учун жавобгарлик белгиланяпти.
Шунингдек, лойиҳа билан мазкур турдаги ҳуқуқбузарлик аниқланган тақдирда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мансабдор шахсларига маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш ҳамда судга тақдим этиш ҳуқуқи берилмоқда.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари мансабдор шахсларининг очиқлик борасида белгиланган талаб ва мажбуриятларни бажаришдаги масъулиятини янада оширишга хизмат қилади.
Қизғин муҳокамалар давомида сўз олган депутатлар қонун лойиҳасининг муҳимлигини таъкидлаган ҳолда ўз фикр-мулоҳазаларини, таклиф ва саволларини бердилар.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан маъқулланди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА