Фарғона вилояти 2025 йилда эришган натижалар ҳар жиҳатдан салмоқли бўлди. Масалан, 2020 йилда вилоят иқтисодиётига 322,3 млн доллар хорижий инвестиция жалб қилинган эди. 2024 йилга келиб бу кўрсаткич 1 млрд 781 млн долларни ташкил этди.
Ўтган йили эса бу рақам 2,5 млрд.долларга етди. Унинг асосий қисми вилоятда янги корхоналар бунёд этиш, маҳсулот турларини кўпайтириш, импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш, янги иш ўринлари яратишга қаратилди. Албатта, хизмат кўрсатиш соҳасига ҳам хориж инвестицияси кириб келди ва буларнинг ҳаммаси очиқлик сиёсати билан боғлиқ эди.

Ўзбекистоннинг ташқи дунёга очилиши нафақат унинг сиёсати, иқтисоди, экспорт-импорти, инвестиция соҳалари, балки оддий тадбиркорлар ҳаётида ҳам ўзининг ижобий натижаларини кўрсатди. Буни Бағдод туманидаги янги очилган савдо маркази мисолида ҳам кўриш мумкин.

Бу мажмуа вилоят маркази ёки ривожланган шаҳарларда эмас, Бағдод туманида қурилиб фойдаланишга топширилди. Расталарни Ўзбекистон ва чет эл моллари тўлдирган. Харидор истаган кийим-кечак бор. Мамлакатимизда миллий валютанинг эркин конвертацияси очилгач, тадбиркор дунё кезиб исталган маҳсулотни олиб келяпти.

– Қурилишга дастлаб 1 млн.доллар инвестиция киритиш режалаштирилган эди. Ҳозирга келиб бу кўрсаткич 3 млн.долларга етди, – дейди иш юритувчи Камолдин Ғаффоров. – Ҳозир савдо мажмуасида 600 та дўкон қурилиб, тадбиркорларга топширилди. Яна 120 та қурилади.

Бағдоднинг бозори илгари йўл четлари, ости лой, тошлиқ майдонларда, ёз жазирамаси-ю қиш ёмғирида очиқда, тартибсиз ҳолда бўлар эди. Молларни ерга ёйиб қўйишар, харидор учун ҳам ҳеч қандай қулайлик бўлмаган. Хорижий инвестиция ўзлаштирилгач. манзара тамомила ўзгарди.

– Мен тадбиркорликни бошлаганимга 23 йил бўлди, – дейди Гулсора Қосимова. – Шу ердан 12 квадрат метрли дўкон ижарага олдим. Ойига 470 минг сўм тўлайман. Унинг ичига электр, қўриқлов, тозалов хизматлари ҳам киради. Илгари биз молларимизни ҳар куни машина кира қилиб олиб келар ва қайта олиб кетар эдик. 50 минг сўмдан йўл кира берардик. Саҳар келиб молларни ёярдик. Очиқ бўлгани учун совуқ ўтиб кетарди. Энди идора ишчисига ўхшаймиз. Соат 8 да келиб дўконни очамиз, 5 да қулфлаб уйга қайтамиз. Бизга жуда қулай шароит яратилди.

Бозор эрталаб очилиб кечда ёпилади. Қўриқлов хизмати бор. Юздан ортиқ видеокузатув камералари мавжуд. Йўлаклар кенг ва харидорга қулай. Ҳудудда учта санитария хизмати жойлари ташкил қилинган.
Ўзбекистон бозорларига хос бўлмаган яна бир янгилик жорий қилинибди Бағдодда.
– Туманнинг чекка қишлоқлари ёки қўшни туманларга қатновчи автобус, микроавтобуслар бозорга йўловчиларни текинга олиб келишини йўлга қўйдик, – дейди иш юритувчи. – Аниқроқ айтсак, бозорга келувчилар йўл ҳаражатини маъмуриятимиз тўлаб беради.
Бағдод савдо мажмуасида бош лойиҳага асосан бу йил ошхона, ресторан, автомобиллар турар жойи, ёш болалар ўйингоҳи ҳам қурилади. Ва буларнинг ҳаммаси хорижий инвестиция ҳисобидан бўлади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/ZxRngZpyjtE" title="Ochiqlik siyosati va xorijiy investitsiya samara bermoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео, сурат), ЎзА