Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Очиқлик сиёсати – тараққиётнинг муҳим омили
22:46 / 2021-10-19

Халқаро медиа-холлда навбатдаги очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Унда экспертлар иштирокида мамлакатимиздаги очиқлик сиёсати борасида сўз борди.

Тадбирда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Давлат статистика қўмитаси, Журналистлар уюшмаси раҳбарияти ҳамда халқаро экспертлар иштирок этди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов, Олий Мажлис Сенатининг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси раиси Фарҳод Боқиев, Ахборот ва ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асад Ходжаев, Журналистлар уюушмаси раиси Олим Ўсаров ва бошқалар сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат органлари фаолиятида очиқлик ва шаффофлик муҳитини яратиш борасидаги изчил ислоҳотлар, бунинг натижасида эришилган ютуқлар хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Очиқ мулоқотда таъкидланганидек, Ўзбекистонда давлат бошқарувига очиқликни жорий этиш, ахборотларнинг умумфойдаланиш учун очиқлик ҳолати, маълумотларнинг ошкоралик ва сифат даражасини халқаро талабларга мувофиқлаштириш соҳасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Буни сўнгги йилларда соҳага оид қабул қилинган концептуал аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, коррупциянинг олдини олишга қаратилган маъмурий ислоҳотлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин. 

Хусусан, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги ва “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунлар барча тоифадаги мансабдорларнинг ҳар бир хатти-ҳаракатига кенг жамоатчилик ҳамда халқ кўзи билан баҳо бериш имконини яратди. Бундан ташқари, ҳукумат очиқлиги соҳасида 2021 - 2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида очиқ маълумотлар соҳасини ривожлантириш Концепцияси қабул қилинган.

Соҳадаги сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотларнинг узвий ва мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Фармон билан амалдаги қонунчилик ҳужжатларида мавҳум бўлган муаммоли масалалар тўлиқ ўз ечимини топди.

Таъкидлаш жоизки, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги ҳамда ахборот олиш эркинлигини таъминлаш – жамоатчилик назоратини такомиллаштириш, коррупциянинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга. Шу боис ҳам юртимиздаги очиқлик сиёсати ортга қайтмас тус олди. Натижада Ўзбекистон “Очиқ маълумотларни кузатиш” халқаро индексида 125 поғонага кўтарилиб, 44-ўринни, Марказий Осиёда эса 1-ўринни эгаллади. Бунда давлат ва жамият бошқаруви соҳасидаги 20 та йўналиш бўйича кўрсаткичларни ошкор қилиб бориш амалиёти жорий этилгани муҳим аҳамият касб этмоқда.

Очиқ жойлаштирилиши керак бўлган маълумотлар кўламини кенгайтириш борасида Буюк Британия, Франция, Россия, Словения, Сингапур ва Қозоғистон каби ўнга яқин ривожланган хорижий мамлакатларнинг бу борадаги ижобий иш тажрибаси ўрганилиб, амалиётга татбиқ этиш чоралари кўрилмоқда.

Очиқ мулоқотда сўз ва матбуот эркинлиги давлат органлари очиқлигини таъминлашнинг муҳим кафолати эканлиги алоҳида таъкидланди. Бу борада сўнгги пайтларда барча давлат органларининг ахборот хизматлари фаол иш олиб бораётгани, ташкилот ва идоралар фаолияти бўйича мунтазам матбуот анжуманлари ва брифинглар ташкил этилаётгани алоҳида қайд этилди. Масалан, жорий йилнинг 9 ойи давомида мингга яқин матбуот анжумани ва брифинглар ташкил этилган. Ташкилотларнинг ахборот хизматлари фаолиятини баҳолаш тизими йўлга қўйилгани эса уларнинг янада фаол ишлашига, кўрсаткичлари яхшиланишиги хизмат қилмоқда.

Муҳтарама Комилова, ЎзА