English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Очиқ мулоқотлар фуқаролар манфаатига хизмат қилмоқда
13:35 / 2023-09-13

Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги 13-сонли мусиқа ва санъат мактабида “Омбудсман мактаби”нинг навбатдаги тадбири ўтказилди.

Тадбирда сўзга чиққан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова, вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси бошлиғи Лутфулло Хайруллаев, вилоят Адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Шуҳрат Жўрабеков ва бошқалар юртимизда “Инсон қадри учун” тамойилига асосан инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар мазмун-моҳияти, мажбурий меҳнатга жалб қилинган ва бошқа ҳуқуқлари бузилган фуқароларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари хусусида тўхталиб ўтди.  

–Омбудсманнинг устувор вазифаларидан бири сифатида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳияти билан аҳолини таништириш, шу орқали аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга кўмаклашиш белгиланган, – дейди Ф.Эшматова. – Омбудсманга юборилаётган мурожаатлар таҳлили сўнгги йилларда аҳоли ижтимоий ҳимоясини янада мустаҳкамлаш, яшаш шароитларини яхшилаш борасидаги ислоҳотлардан хабардор этиш зарурлигини кўрсатмоқда. Шунинг учун 2022 йилдан эътиборан республиканинг чекка ҳудудларида маҳаллалар бўйича яратилган имконият ва имтиёзлардан аҳоли хабардорлигини оширишга қаратилган “Омбудсман мактаби” лойиҳаси амалга оширилмоқда.  

[gallery-13559]

– Фаолиятимизда асосан аҳолининг бандлигини таъминлаш, уларнинг мурожаатларини ижобий ҳал этишга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз, – дейди вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси бошлиғи Лутфулло Хайруллаев. – Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 1288 та мурожаат келиб тушган бўлса, уларнинг 75 фоизи ижобий ҳал этилган, қолган 25 фоизига тегишли мутахассислар томонидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилган. Бугунги кунда ходимларимиз маҳаллалар, тегишли ташкилотлар масъуллари билан ҳамкорликда аҳолидан тушган мурожаатларни жойига чиққан ҳолда ўрганишмоқда.  

– Бугунги тадбир ҳар жиҳатдан фойдали бўлди, – дейди тумандаги “Оқила аёллар” ҳаракати етакчиси Машҳура Каримова. – Ўрганишларимиз аҳолимиз аёллар, ёшлар, кексалар, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари, улар учун берилган имтиёзлардан бехабар эканликларини кўрсатмоқда. Тадбирда 2023 йил 16 июнда имзоланган “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонун мазмун-моҳияти, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган айрим тоифадаги шахсларга нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби ҳақида маълумотларга эга бўлдик.  

“Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг қабули ҳам ташкил этилди. Унда фуқароларнинг муаммо ва таклифлари ўрганилиб, ижроси назоратга олинди.    

А.Бўриев, С.Аслонов (сурат),  

ЎзА мухбирлари