Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Очиқ мулоқот ва сайёр қабул ўтказилди
18:44 / 2026-02-25

Куни кеча Кўксарой қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёевнинг ёшлар билан ўтказган учрашуви мамлакатимизда инсон капиталига қаратилаётган эътиборнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ғоя ва ташаббуслар бугун жойлардаги амалий ишлар билан уйғунлашиб, таълим ва тарбия масаласини янги босқичга кўтармоқда.

Ана шундай эзгу мақсадлар руҳида Жиззах политехника институти вакиллари Дўстлик туманидаги 4-сонли умумий ўрта таълим мактабида ёшлар билан очиқ мулоқот ва сайёр қабул ўтказди. Мазкур учрашув мазмун-моҳияти, кўлами ва қўйилган вазифаларнинг долзарблиги жиҳатидан юртимизда ёшлар сиёсатига бағишланган йирик анжуманлар руҳи билан ҳамоҳанг бўлди.

Тадбирда институтнинг илмий салоҳияти, замонавий таълим йўналишлари, юқори технологияли лабораториялари ҳамда талабалар учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Ёшларга замонавий билим ва касб-ҳунар эгаллаш, рақобатбардош мутахассис бўлиб камол топиш, илм-фанга интилиш орқали ўз келажагини мустаҳкам пойдевор асосида қуриш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

[gallery-27866]

Эътиборли жиҳати шундаки, ушбу ташаббуслар давлатимиз раҳбарининг 2025 йил декабрь ойида Жиззах вилоятига ташрифи чоғида институт қошида ташкил этилган “Муҳандислик мактаби” фаолияти билан узвий боғлиқдир. Ўшанда берилган топшириқлар — муҳандислик тафаккурини мактабдан бошлаб шакллантириш, амалиёт ва назария уйғунлигини таъминлаш, иқтидорли ёшларни эрта аниқлаш — бугун жойларда аниқ механизмлар орқали ҳаётга татбиқ этилмоқда. Дўстликдаги учрашув ана шу изчил саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми сифатида намоён бўлди.

Мулоқот давомида ёшларнинг маънавий-маърифий тарбияси, мустақил ва танқидий фикрлаш кўникмаларини ривожлантириш, уларни турли ёт ғоялар таъсиридан асраш масалалари ҳам кенг муҳокама қилинди. Таълим — фақат касб ўргатиш эмас, балки шахсни тарбиялаш, унинг дунёқараши ва фуқаролик позициясини мустаҳкамлаш экани алоҳида урғуланди.

Шунингдек, Президентнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида белгилаб берилган ёшларга оид устувор вазифалар — сифатли таълим, касб-ҳунар эгаллаш, бандликни таъминлаш ва ижтимоий фаолликни ошириш каби масалалар мазмун-моҳияти билан тушунтирилди. Сайёр қабул жараёнида олий таълимга кириш тартиби, грант ва тўлов-контракт асосида ўқиш имкониятлари, стипендиялар ҳамда талабалар турар жойлари бўйича берилган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар берилди.

Бир қарашда оддий мактаб учрашувидек туюлган мазкур тадбир аслида мамлакатимизда ёшлар билан ишлашнинг мутлақо янги моделини ифода этади. Зеро, Кўксарой қароргоҳида янграган ғоялар ҳудудларга тушиб, мактаб синфхоналарида амалий мазмун касб этмоқда. Бу эса таълим тизимида изчиллик, уйғунлик ва стратегик ёндашув таъминланаётганидан далолат беради.

Хулоса қилиб айтганда, Дўстлик туманидаги очиқ мулоқот — республика миқёсида амалга оширилаётган ёшлар сиёсати ислоҳотларининг амалий ифодаси бўлди. Бундай учрашувлар ёшларнинг орзу-интилишларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммо ва таклифларини ўрганиш, билимли, ташаббускор ва маънавий етук авлодни тарбиялашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Бу жараёнда ҳар бир мактаб, ҳар бир олий таълим муассасаси ва ҳар бир устоз зиммасига юксак масъулият юкланади. Ана шу масъулиятни чуқур англаган ҳолда олиб борилаётган ишлар эса Янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам пойдеворига айланмоқда.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари