Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Очиқ мулоқот: тиббиёт тизими ривожи учун талаб ва таклифлар
13:04 / 2022-01-10

Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида тиббиёт соҳаси янада такомиллаштирилмоқда.

Айни пайтда 1295 қисқа рақамли “Call-марказ” ҳамда ижтимоий тармоқларда очилган алоҳида электрон манзиллар орқали соҳа ривожига оид таклифлар, эътироз ва мурожаатлар қабул қилинмоқда. Бирламчи бўғиндан тортиб ихтисослаштирилган марказлар фаолиятигача, тез тиббий ёрдам ёхуд санитария-эпидемиология хизматидан тортиб олий тиббий таълимгача – барча йўналишларга доир ҳар бир мурожаатга алоҳида эътибор қаратилмоқда.  



“Табиб табиб эмас, бошидан ўтказган табиб”, дейди халқимиз. Ҳеч ким соҳадаги муаммоларни тизимнинг ичида юрган мутахассисчалик яхши билмайди. Соғлиқни сақлаш тизимининг фидойи ва жонкуярлари яратилган бу имкониятдан самарали фойдаланиши зарур. 

Қашқадарё вилоятининг барча шаҳар ва туманларида вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Йўлдошев ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Равшан Тўлаков иштирокида ўтказилаётган тиббиёт ходимлари билан мулоқотларда ҳам соҳа ривожи учун хизмат қиладиган, креатив ёндошув, янги давр руҳига мос ғояларга асосланган таклифлар билдирилмоқда. Шунингдек, соҳа ходимлари ҳар куни бевосита ўз фаолиятларида дуч келаётган муаммолар ва уларнинг ечими ҳақидаги ўз фикрларини мутасаддиларга баён қилаётир.  

Косон туманидаги 19-оилавий поликлиника мудири Жуманиёз Қулмуродов ҳам мулоқотда бирламчи бўғин вакилларини қийнаб келаётган айрим муаммоларни айтиб ўтди.  



– Оилавий поликлиникаларда эмлаш ҳамширалари, автоклав ходимлари учун алоҳида штатлар ажратилиши зарур, –  деди у.  

– Президентимизнинг соғлиқни сақлаш тизими ходимлари билан бўлиб ўтадиган “Ўзбекистон тиббиёти – инсон қадри учун” мавзусидаги очиқ мулоқоти олдидан Қашқадарёда ўтказилаётган тадбирларда ходимлар амалий аҳамияти катта бўлган таклифларни билдиришаётганига гувоҳ бўлдим, – дейди Косондаги мулоқотда иштирок этган Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Улуғбек Собиров. – Муҳими, уларда билдирилган таклифлар одамларни рози қилиб ишлашни мақсад қилган тизим истиқболига хизмат қилади.  

Мулоқотларда мутахассислар етишмайдиган, олис ҳудудлардан тиббиёт олий ўқув юртларига ҳужжат топширган абитуриентлар учун имтиёзлар яратиш, жойларда оилавий поликлиникаларга қўшиб юборилган оилавий шифокор пунктлари фаолиятини қайта ташкил этиш, тизим моддий техника базасини мустаҳкамлаш, соҳа ходимлари меҳнатини муносиб рағбатлантириш каби бир қатор долзарб масалалар хусусида батафсил сўз юритилди ва таклифлар жамланди. Улар асосида зарур чора-тадбирлар белгиланиши кўзда тутилмоқда. 

 

Ўлмас Баротов, ЎзА.