Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ОЧИҚ МУЛОҚОТ: тадбиркорлар муаммоларига амалий ечим изланмоқда
17:32 / 2026-02-28

Тошкентда қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи ва экспорт қилувчи корхоналар билан очиқ мулоқот ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев, Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов ва бошқалар сўзга чиқиб, мамлакатимизда қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтди. Шунингдек, бу ишларни тизимли ташкил этиш бўйича давлатимиз раҳбари топшириқларига асосан тармоқлар кесимида тадбиркорлик субъектлари билан “очиқ мулоқот” форматида учрашувларни ўтказиш амалий аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Мулоқотда Жамшид Хўжаев таъкидлаганидек, 2025 йилда қурилиш материаллари экспорти 142 фоизга ўсиб, 1,2 миллиард долларни ташкилэтган. Россияга 251,2 миллион доллар, Қозоғистонга 207,1 миллион, Қирғизистонга 180,3 миллион, Тожикистонга 126,7 миллион, Афғонистонга 31,5 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган. Шунингдек, Мексика, Сурия, Мальта ва Таиланд давлатларига ҳам экспорт амалга оширилиб, янги 4 та бозор ўзлаштирилди (+0,8 млн доллар). Жами экспорт қилинган давлатлар сони 62 тага етган. Республикамиздан 62 турдаги қурилиш материаллари экспорти амалга оширилган.

- 2026 йил учун қурилиш материаллари экспортида мақсадли кўрсаткичларни 1,5 миллиард доллар этиб белгилаб олдик. Бугун биз ушбу мақсадли кўрсаткичларга эришиш мақсадида йил бошидан қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи ва экспорт қилувчи корхоналар фаолиятидаги мавжуд муаммоли масалаларни атрофлича муҳокама қилиб, ҳал этиш юзасидан аниқ чора-тадбирларни белгилаб оламиз ва ижросини қиламиз. Мулоқотда ушбу соҳа тадбиркорларига тааллуқли бўлган асосий тизимли масалаларни муҳокама қилиб, кейин индивидуал муаммоларга ўтамиз. Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикасидан экспорт қилинаётган қурилиш материалларини темир йўл транспорти орқали ташиш жараёнида қатор муаммолар кузатилмоқда. Хусусан, бир хил масофага юк ташишда тарифлар турлича ҳисобланиши, темир йўл тарифларининг юқорилиги сабабли транспорт харажатларининг маҳсулот таннархидаги улуши ортиши, юк вагонлари етишмаслиги ва уларни ажратишда узилишлар мавжудлиги, мавсумий юклама даврларида вагонлар тақсимотида ноаниқликлар кабилар шулар жумласидан, - деди Жамшид Хўжаев.

Айтиб ўтилганидек, мазкур омиллар натижасида логистика харажатлари ортиб, маҳсулотнинг якуний экспорт нархи ошмоқда. Бу эса ташқи бозорларда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар рақобатбардошлигининг пасайишига ҳамда экспорт ҳажмларининг қисқаришига олиб келмоқда. 

Шунингдек, энергия ресурслари истеъмоли билан боғлиқ муаммолар, янги ташкил этилаётган қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналарга табиий газ тармоқларига уланиш учун техник шарт олишда рад жавоблари берилиши, сертификатлаштириш, маҳсулотларни синаш ва божхона соҳасидаги масалалар ҳам кўтарилди.

“Angren insulation” корхонаси ходими Бобур Раҳимовнинг сўзларига кўра, бундай очиқ мулоқотлар ўтказилиши ҳар жиҳатдан муҳим.

- Негаки, тадбиркорлар фаолиятида учраётган муаммоларга биргаликда ечим излаш иқтисодиётимиз равнақига кенг йўл очади. Корхонамиз ҳақида тўхталадиган бўлсак, бизда муаммолар йўқ, зарур кўмакни давлат томонидан оляпмиз. Йиллик экспортимиз ишлаб чиқариш ҳажмидан 25 фоизни ташкил этади. Бу тахминан 3 миллион долларга яқин. Биз асосан Марказий Осиё давлатларига экспорт қиламиз. Ўтган йилдан Озарбайжон билан ҳамкорлик йўлга қўйилган, - деди у.

[gallery-27922]

Очиқ мулоқот жараёнида тадбиркорлар соҳадаги долзарб муаммоларни ўртага ташлади, мутасаддилар эса уларни бартараф этиш юзасидан амалий чоралар кўрилишини таъкидлади.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА