Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотини ташкил қилиш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг натижалари жуда муҳим ва иқтисодий фаолликни оширишга катта ҳисса қўшаётганини кўрсатиб беради.
Шундан келиб чиқиб, 2024 йил 30 майда “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарорда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Республика штаби ташкил этилган. Унга Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси бошчилигида тегишли вазирлик, қўмита ва идораларнинг ходимлари бириктирилган ва улар доимий фаолият олиб бормоқда.
Республика штабида тизимли таклифлар тегишли масъуллар иштирокида кўриб чиқилиб, 2024 йилда стратегик йўналишлардаги ислоҳотларни амалга ошириш чора-тадбирлар режасига асосан “Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш стратегияси”ни ишлаб чиқишда кенг фойдаланилмоқда.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, 2024 йилда Республика штабига жами 3 885 та мурожаат келиб тушган бўлиб, улардан 3 299 таси индивидуал масалалар, 586 таси эса тизимли муаммоларга оиддир. Бу мурожаатлардан асосий қисми солиқ сиёсати ва молиявий қўллаб-қувватлаш масалаларини қамраб олган. Масалан, улар тадбиркорлар учун солиқ тизимини соддалаштириш, кредит ресурсларини олиш шартларини енгиллаштириш, хусусий секторнинг тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантиришга йўналтирилган махсус дастурлар ва лойиҳалар ишлаб чиқишда муҳим аҳамият касб этди.
Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал қилиш бўйича ишчи гуруҳ фаолияти ташкил этилган. Шу ўринда, жорий йилнинг 22-24 июль кунлари Қорақалпоғистон Республикасидаги тадбиркорлар билан мулоқот давомида уларнинг фаолиятини кенгайтириш ва тўсиқларни бартараф этишга қаратилган 128 та таклиф ва ташаббуслар билдирилди.
Мазкур масалаларни самарали ҳал этиш ва тадбиркорлар билан очиқ мулоқот тадбирига пухта тайёргарлик кўриш мақсадида тизимли муаммоларни ҳал этиш юзасидан топшириқлар ижроси ҳамда тадбиркорлик субъектлари томонидан кўтарилган масалалар бўйича ҳар бир мурожаат муаллифи билан мулоқот қилган ҳолда, тадбиркорлик фаолиятига тўсиқ бўлаётган муаммолар умумлаштирилиб, ишчи тартибда Президент Админстрациясига тақдим этилди.
Қорақалпоғистон Республикасида жами 20 295 та кичик бизнес субъекти фаолият юритиб келмоқда. Ишчи гуруҳ томонидан график асосида шаҳар ва туманларда тадбиркорларга сайёр қабуллар ташкил қилинди. Учрашувлар натижасида 549 та мурожаат келиб тушди ва жойида тегишли вазирлик ва идораларга кўрсатмалар берилди.
Давлат раҳбарининг жорий йил 19-20 август кунлари Қорақалпоғистон Республикасига амалга оширган ташрифи доирасида ушбу ҳудуднинг географик жойлашуви, табиий бойликлари, бизнес учун қулай имтиёз ва енгилликлар тақдим этилганлиги инобатга олиб, “Қорақалпоғистонда бизнес қилинг” дастурини амалга ошириш бўйича Президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиб, тегишли тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритилди.
Шунга асосан Қорақалпоғистонда бизнес қилишнинг жозибадорлигини оширувчи 7 та асосий йўналишда амалга оширилаётган ва режалаштирилган лойиҳаларга Хитой, Саудия Арабистони, Германия, Россия, Испания каби мамлакатлар компаниялари инвестиция киритмоқда. Улар энергетика, иссиқлик таъминоти, тоғ-кон ва кимё саноати, қурилиш материаллари, хизмат кўрсатиш ва бошқа тармоқларни қамраб олган.
Қорақалпоғистонда хорижий инвестор ва маҳаллий тадбиркорлар томонидан умумий қиймати 10,5 миллиард долларлик 125 та лойиҳа шакллантирилган. Шундан қарийб 1,8 миллиард доллар миқдоридаги 10 та лойиҳа давлатимиз раҳбарига тақдимот қилинган.
Шу билан бирга, Президентимизнинг топшириғи асосида “Ёшларнинг бизнес ғояларини қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ушбу қарор лойиҳасида ёш тадбиркорларнинг лойиҳаларини саралаш ва молиявий қўллаб-қувватлаш учун тавсия қилиш вазифаларини амалга оширадиган Жамғарма кенгашини ташкил қилиш назарда тутилган.
Хулоса ўрнида, Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотлари иқтисодиётни ривожлантириш ва уларнинг муаммоларини ҳал қилишга йўналтирилган муҳим қадам бўлди. Мулоқотлар тадбиркорлар ўз фикрларини эркин билдириши, давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кучайтириш, бюрократияни қисқартириш ва бизнес муҳитини янада яхшилашга замин яратмоқда. Давлатимиз раҳбарининг ишлаб чиқаришни рағбатлантириш ва тадбиркорлик фаолиятини осонлаштиришга доир таклифларга жавобан кўрсатган қўллаб-қувватлови уларнинг ишончини оширишга ва иқтисодиётдаги ижобий ўзгаришларга туртки беришга хизмат қилади.
Н. Зиёдуллаева, ЎзА