Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Очиқ эшиклар кунида судьялар фаолияти билан яқиндан танишилди
11:41 / 2025-12-10

Суд-ҳуқуқ тизимида ҳалоллик ва шаффофликни таъминлаш, одил судловнинг тўла амалга оширилиши, фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишида муҳим аҳамият касб этади. Судлар томонидан “Очиқ эшиклар” кунининг ташкил этилиши суд ҳокимиятининг шаффоф фаолияти билан яқиндан танишиш имконини беради.

9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши кураш куни муносабати билан Қашқадарё вилоят судида журналист ва блогерлар учун “Очиқ эшиклар куни” ташкил этилди. Мазкур тадбирдан кўзланган мақсад, аввало, судлар фаолияти очиқлигини таъминлаш, коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш ва бартараф этиш, замонавий коррупцияга қарши курашиш тизимларини жорий этишдан иборатдир. 

Тадбир аввалида вилоят суди ва вилоят маъмурий судлари раисларининг бугунги кунда судлар томонидан коррупцияга қарши қатъий курашиш, судга мурожаат қилган ҳар бир фуқарога нисбатан адолатни таъминлаш, пировардида фуқароларнинг судларга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш учун кўрилаётган зарурий чоралар ҳақида маълумотлар берилди.

Шундан сўнг, иштирокчилар жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судига ташриф буюриб, суд мажлиси заллари, суд жараёнининг процессуал қоидалари, судьялар ва суд аппарати ходимларининг хизмат вазифалари билан танишди. Ташриф давомида иштирокчиларга суд биносининг хизмат хоналари, жиноят ишлари бўйича иш юритиш тартиби, ҳужжатларнинг расмийлаштирилиши ва суд-ҳуқуқ тизимида қонунийликнинг таъминланишига оид амалий жараёнлар тушунтирилди.

Албатта, бу каби тадбирлар фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларни суд ҳокимиятининг мазмуни ва фаолияти билан яқиндан таништириш, шунингдек, конституциямизда эътироф этилган қадриятларни чуқур англашларига кўмаклашишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

 

Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири