Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Очиқ эшиклар куни”да коррупция ва ёнғин хавфсизлиги муҳокамаси
17:17 / 2025-12-16

Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ҳамкорлигида “Аксилкоррупция ойлиги” ҳамда “Ёнғин хавфсизлиги ойлиги” доирасида “Очиқ эшиклар куни” ва матбуот анжумани ташкил этилди.

Унда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи, полковник Хуршид Алибаев, шунингдек, “Навоий кон-металлургия комбинати”АЖ ва “Навоийуран” давлат корхонаси объектларида Фавқулодда вазиятлар маркази бошлиғи, полковник Исмоил Шарипов ва бошқалар сўзга чиқди. Улар коррупцияни бартараф этиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, эришилган амалий натижалар, тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда келгусидаги устувор вазифалар ҳақида атрофлича маълумот берди.

Таъкидланганидек, бошқа соҳаларда бўлгани каби тизимда ҳам коррупциянинг олдини олиш, бошқарувда бюрократияни камайтириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, давлат хизматларини кўрсатиш сифатини яхшилаш, рақамлаштириш орқали инсон омилини камайтириш борасида кенг кўламдаги ишлар амалга оширилмоқда.

– Ўтган йилда амалга оширилган маъмурий ислоҳотлар орқали давлат органларида “қўл” бошқарувидан “автоматик” бошқарув тизимига ўтиш жараёни бошланди, – дейди вилоят ФВБ бошлиғи Х.Алибаев. – Жумладан, маъмурий ислоҳотлар натижасида давлат бошқаруви тизимининг энг муҳим бўғини – ижро этувчи ҳокимият янада ихчамлашиб, такрорланувчи функциялар тугатилди. Энг асосийси, бюрократия қисқартирилди. Иккинчидан, давлат органлари ва ташкилотларида коррупциявий муносабатларининг олдини олишга қаратилган превентив механизмлар яратилди. Хусусан, давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини баҳолаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида очиқлик бўйича амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлигини баҳолашга қаратилган “Очиқлик индекси” жорий этилди. Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларида коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш бўйича “Э-антикоррупция” лойиҳаси ишга туширилди.

Бугунги кунда давлат хизматларини кўрсатиш сифати яхшиланиб, ортиқча тартиб-таомиллар қисқартирилди ҳамда электрон шаклда кўрсатиладиган давлат хизматлари сони оширилди. Жумладан, аҳолидан 73 турдаги ҳужжат ва маълумотлар талаб қилиниши бекор қилинди. 771 та давлат хизматларининг 360 дан ортиғи Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон кўрсатилмоқда. Уларнинг 240 дан ортиқ хизматлари тадбиркорлик субъектлари учун мўлжалланган. 59 турдаги давлат хизматларини кўрсатиш муддатлари қисқартирилди. Ушбу хизматлар олдин 30 кундан 90 кунгача муддатда кўрсатилган бўлса, эндиликда 1 кундан 30 кунгача камайтирилди. 

Соҳаларда олиб борилаётган рақамлаштириш ҳам бевосита коррупциянинг олдини олишга хизмат қилмоқда. 

Матбуот анжуманида юртимизда 1 декабрдан 31 декабргача эълон қилинган “Ёнғин хавфсизлиги ойлиги” доирасида белгиланган чора-тадбирлар асосида олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди. 

Навоий вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда унинг қуйи тузилмалари томонидан жорий йилнинг ўтган 11 ойи давомида халқ хўжалиги объектлари ва аҳоли турар жойларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, юзага келган фавқулодда вазиятлар ва ёнғинларни бартараф этиш, шунингдек, оммавий тадбирлар давомида фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.

[gallery-26762]

Вилоятда рўйхатдан ўтган 1 360 та давлат тасарруфидаги объект ва 1 738 та тадбиркорлик субъектида тўлиқ текширувлар олиб борилди, шунингдек, 981 та давлат тасарруфидаги объектда қайта текширувлар ўтказилди.

– Текширувлар натижалари бўйича ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузган ёхуд фавқулодда вазиятлар органлари Давлат назорати инспекторларининг ёзма кўрсатмаларини бажармаган 2 минг 512 нафар раҳбар, жавобгар шахс ва фуқароларга нисбатан 788 миллион сўм миқдорида маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилди, – дейди вилоят ФВБ бошлиғи ўринбосари Муҳсин Эргашев. – Шунингдек, ёнғин чиқиш хавфи остида фойдаланилаётган 1625 та бино ва иншоотларнинг иш фаолияти вақтинчалик тўхтатилди, 5452 та носоз электр ускуна, мослама ва агрегатларидан фойдаланиш тақиқланди.

Айни пайтда ойлик доирасида кўп квартирали уйлар ва якка тартибдаги уй-жойлар, ижтимоий соҳа объектлари, шунингдек, ишлаб чиқариш корхоналари, бозорлар, йирик савдо мажмуалари ҳамда аҳоли кўп тўпланадиган бошқа объектларда ёнғинларнинг олдини олиш борасида кенг кўламли профилактика тадбирлари амалга оширилмоқда. Ёнғинлар, ис газидан заҳарланиш ёки ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида “хонадонбай” тартибда аҳоли ўртасида тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилмоқда. 

Шунингдек, хавфли ишлаб чиқариш объектларида, газ тўлдириш шохобчалари ва пунктларида, автомобилларга ёқилғи қуйиш ва газ тўлдириш шохобчаларида саноат хавфсизлиги ҳамда меҳнат муҳофазаси қоидаларига риоя қилиниши бўйича белгиланган тартибда ўрганиш ишлари ташкил этилмоқда. 

Матбуот анжуманида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.

А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари