Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Очиқ эшиклар куни” тарғибот тадбири
17:43 / 2022-04-15

Бухоро вилояти Қоракўл тумани 4-сектор ҳудудидаги “Дарғали” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Педагогика коллежида мактабгача таълим соҳасида таълим олишни хоҳлаган мактаб битирувчиларини жалб қилишга қаратилган «Очиқ эшиклар куни» тарғибот тадбири ўтказилди.

Тадбирда таъкидланганидек, тарбиянинг негизи бўлган мактабгача таълим ташкилотларини замон талаблари даражасида ташкил этиш, малакали кадрлар билан таъминлаш етук, баркамол келажак авлодни тарбиялашда муҳим омил ҳисобланади.   
– Юқори интеллектга эга бўлган мактабгача таълим соҳаси вакилларигина Учинчи Ренессансга асос солувчи ёшларни тарбиялай олади, – деди туман ҳокими Хуршид Тоҳиров. – Уларни мактаб учун салоҳиятли ўқувчи этиб тарбиялайди.  

Туман раҳбари бошчилигидаги мутасаддилар Педагогика коллежида таҳсил олаётган талабалар билан суҳбатлар олиб борди. Ўқув жараёни билан танишишди. Шунингдек, мазкур коллеж негизида математикага ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти ҳам мавжуд бўлиб, айнан бу ерда таълим олаётган талабалар учун амалиёт ўчоғи ҳисобланади. Мактабгача таълимдаги кластер тизими таълим ва тарбия сифатини ошириш, уни амалиёт билан уйғунлаштиришнинг марказига айланган, ёнма-ён жойлашган ушбу икки таълим даргоҳлари орасида узвий алоқа ва доимий интеграция муҳим омил ҳисобланади. 

Учрашув давомида Педагогика коллежи директори Дилшод Бебутов математикага ихтисослаштирилган 31-ДМТТнинг узлуксиз таълим лойиҳасини намойиш этди. Лойиҳага кўра, МТТдаги кичик гуруҳлардаги 3-7 ёшли болаларнинг дастлабки қизиқишлари ва қобилиятлари аниқланади ва ўрта гуруҳдан бошлаб алоҳида гуруҳлар шакллантирилади.  

Математикага ихтисослашган гуруҳлар учун элементар математика ва ментал арифметика бўйича дастлабки билим ҳамда тасаввурларни шакллантириш бўйича чуқурлаштирилган вариатив дастур ишлаб чиқилади. Ушбу дастур асосида ўрта, катта ва мактабга тайёрлов гуруҳларида машғулотлар олиб борилади. Чуқурлаштирилган ўрта, катта ва мактабга тайёрлов гуруҳларида дарс машғулотларини олиб бориш учун олий ва биринчи тоифага эга бўлган олий маълумотли бошланғич ва математика ўқитувчилари жалб қилинади. Педагогика коллежи базасида математикага ихтисослаштирилган бошланғич синф гуруҳлари ташкил этилади. Бошланғич синфларда таҳсил олган болалар тўғридан-тўғри Президент мактаблари ва Қоракўл халқаро математика мактабига йўналтирилади. 

Бугунги кунда мазкур таълим даргоҳида Қоракўл ва Олот туманларидан келган 640 нафар  ёшлар 5 та таълим йўналиши бўйича таҳсил олмоқда. Ўқувчи ва талабаларга қулайлик яратиш мақсадида 4 та таълим шакли кундузги, кечки, сиртқи ва дуал йўналиши бўйича дарс жараёнлари амалга оширилмоқда. Тадбирда касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Йўлдош Жумаев ҳам қатнашди. 

[gallery-6644]


Зариф Комилов,  
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА